803-САВОЛ: Сизлардан битта нарсани сўрамоқчиман. TikTok ижтимоий тармоғида битта видео кўриб қолдим. Унда сайловда қатнашиш овоз беришни куфр амал деган. Шу қанчалик асосли? Шу сайловларда иштирок этишга динимизда қандай қаралади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сайловда иштирок этиш куфр ёки ширк, деган гаплар мутлақо асоссиз. Бундай гап-сўзларни асосан диний илмлардан узоқ, шаръий ҳукмларга бир томонлама қарайдиган кишилар кўтариб юришади. Аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи Ақаба байъатида етмиш кишидан иборат ансорлар жамоасига ўз ичларидан гуруҳ раиси тайинлашни буюрганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам гуруҳ раисларини ўзлари танламай, буни сайловчиларга қолдирганлар. Бу билан одамлар ўзларининг маълум ишларини амалга ошириш, раҳбариятга етказиш учун масъул шахсларни ўзлари танлашлари кераклигини ўргатганлар. У зот алайҳиссалом бу услубни кейинчалик ҳам қўллаганлар. Бу ҳақда имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида алоҳида боб очиб, “Одамларга бошлиқ бўлганлар ҳақида” деб номлайдилар ва унда одамлар маълум ишларда юқори раҳбарга кичик бошлиқлар орқали ўз сўзларини етказишлари тавсиясига доир ҳадисни келтирадилар (“Олтин Силсила”, 8-жуз, 7176-ҳадис).
Шунингдек, тарихда “Хулафойи рошидинлар”нинг тўрттаси ҳам ўзига хос услубда сайланган. Абу Бакр разияллоҳу анҳуни бир гуруҳ мусулмонлар сайлаган, сўнг қолганлари унга байъат қилишган. Умар разияллоҳу анҳуни Ҳазрати Абу Бакр мусулмонларнинг розилиги билан тайинлаган бўлсалар, Усмон разиллоҳу анҳуни Умар разияллоҳу анҳу тайин қилган ўнта саҳоба сайлаган, сўнг мусулмонлар у кишига байъат қилишган. Али разияллоҳу анҳу Мадина аҳлининг талабига кўра халифа бўлганлар. У зот қабул қилдилар ва бошқалар эса у кишига байъат қилишган.
Демак, мусулмон инсон жамият манфаати кўзланган, адолат ва яхшилик йўлида бутун инсоният билан ҳамкорлик қилиши мумкин экан. Бу ҳақда Шайх Юсуф Қарзовий ҳафизаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Ислам вад- демоқратийя” номли мақолаларида шундай дейдилар: “Исломда сайловларга гувоҳлик сифатида қаралади. Яъни, раҳбарликка сайланаётган одамнинг салоҳиятига гувоҳлик беришдир. Салоҳияти йўқ одамга салоҳиятли, деб гувоҳлик берилмайди. Агар салоҳиятли кишига ўз ўрнида гувоҳлик берилмаса, бу гувоҳликни яшириш бўлиб қолади”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
مَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً حَسَنَةً يَكُنْ لَهُ نَصِيبٌ مِنْهَا وَمَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً سَيِّئَةً يَكُنْ لَهُ كِفْلٌ مِنْهَا وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقِيتًا
яъни: “Ҳақни ҳимоя қилган ўз насибасини олади. Ноҳақликни ҳимоя қилган ҳам ўз улушини олади. Аллоҳ ҳамма ишга баҳо берувчи зотдир” (Нисо сураси, 85-оят).
Демак, номзодлар ичида энг лойиғига, жамиятда адолатни ўрнатадиган кишига овоз берса, албатта бу яхши ишининг ажрини олади. Аксинча бўлса, маломатга қолади.
Бошқача айтганда, агар мусулмон киши ҳар жиҳатдан лойиқ номзодга овоз берса, элу юртни тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлади. Энг асосийси охиратда улкан ажрга эга бўлади. Аксинча, эътиборсизлик, лоқайдлик ёки турли қинғир йўллар билан нолойиқ номзодга овоз берса, охиратда бундан масъул бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Саудия Арабистонининг нуфузли “Watan” газетасида “Китобларда ўқиганларимизни Ўзбекистонда ҳақиқатда бошдан кечирамиз” сарлавҳали кенг мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Араб дунёси ўқувчилари эътиборига тақдим этилган ушбу материалда Ўзбекистоннинг бой ислом цивилизацияси ва маданий мероси Марказий Осиё тарихи ҳамда замонавий тараққиётида тутган ўрни атрофлича ёритилган.
Мақола муаллифи таъкидлаганидек, глобаллашув ва рақамли технологиялар асрида ҳақиқий ҳайрат ва ноёбликни ҳис қилиш мураккаблашиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистонга қилинган ташриф инсонга тарихий манбаларда ўқилган билимларни айнан ҳаётда, кўз олдида қайта кашф этиш имконини беради.
“Ўзбекистонда сиз шунчаки тарихий билимларни ёдга олмайсиз, балки мозий ва келажак ўртасидаги хаёлий вақт машинасида яшайсиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларда китобларда ўқилган номлар — Мовароуннаҳр, Шош, Фарғона водийси, Жайҳун ва Сайҳун каби географик тушунчалар муҳташам меъморий обидалар ва тирик маданият кўринишида намоён бўлади”, — деб ёзади муаллиф.
Нашрда Тошкентда Ислом таълими, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ўтказилган анжуманга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда ҳазрати Усмон Мусҳафининг Ислом цивилизацияси марказида сақланаётгани, шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, Регистон ва Шоҳи Зинда обидалари, Ҳазрати Қусам ибн Аббос мақбараси ва Амир Темур мақбарасининг бетакрор меъморий гўзаллиги юқори баҳоланган.
Муаллиф, шунингдек, Бухорода туғилиб, бутун ислом дунёсига довруғ солган Имом ал-Бухорий, математика ва астрономия асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий, Имом ат-Термизий каби буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этган. Фарғона водийси шаҳарлари — Андижон, Наманган, Марғилон ва Қўқоннинг тарихий аҳамияти ҳамда уларнинг Араб ярим ороли ва ислом дунёси билан кўп асрлик маданий-илмий алоқалари кўрсатиб ўтилган.
Мақола якунида Ўзбекистонда ёш авлоднинг, хусусан, университет талабалари ва волонтёрларнинг араб тилини мукаммал эгаллаб, замон билан ҳамнафас ҳолда ўз миллий ва исломий мероси билан фахрланиб яшаётгани, меҳмонларни “Хуш келибсиз, Имом Бухорийнинг меҳмонлари!” дея самимий кутиб олишлари Саудия Арабистони делегациясида алоҳида ва чуқур таассурот қолдиргани таъкидланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати