Ҳар бир инсон табиатида яхши ва ёмон сифатлар мавжуд. Инсон яхши сифатларни асраса, ёмон сифатлар зарарини билиб, улардан холос ва саломат бўлишга ҳаракат қилади. Инсонлардаги ёмон сифатлардан бири туҳматдир. Шарқ халқлари туҳмат қилишни гуноҳ ҳисоблаб, ундан ўзларини йироқ тутишга ҳаракат қилишади.
Туҳмат нима? “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Туҳмат –(арабча, айблаш, айблов). Бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво, бўҳтон” деган изоҳ берилади.
Бирор кишини айтмаган гапи ёки қилмаган иши учун айблашга туҳмат дейилади. Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ғийбат нима?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши эшитса хафа бўладиган гаплар билан у ҳақда гапиришинг ғийбат бўлади”, дедилар. У киши яна сўради: “Айтгилган гаплар ўша инсонда бўлса-чи?”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар айтилган нарса ўша одамда бўлса, ғийбат қилган бўласан, бўлмаса эса туҳмат қилган бўласан”, дебжавоб бердилар.
Туҳмат барча ёмонликнинг бошланиши ва жиноят ҳамда зулм унинг ҳосиласидир. Туҳмат инсонларнинг ёмон хулқларидан бўлиб, у ўша инсонга кўп кулфатлар олиб келади. Ҳазрат Алишер Навоий бундай ёзадилар:
Бадғўйки ўз қилғани раҳматдур анга,
Ором халойиқ сори туҳматдур анга,
Ким хўйи ямон бўлса, машаққатдур анга,
Ким хўйи анинг яхши ғаниматдур анга.
Туҳмат қилиш инсонларнинг қалбини яралашдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига туҳмат қилишдан сақланиш ҳақида бундай дейдилар: “Эй фарзанд, одамларни турли бўлар-бўлмас туҳмат гаплар билан ранжитма! Болта инсоннинг вужудини яраласа, туҳмат инсоннинг қалбини яралайди”.
Бир одамнинг қилмаган ишини қилди, деб гапириш ўша инсонга зулм қилишдир. Зулм эса оғир гуноҳдир. Зулмдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Айрим кишилар душманидан ўч олиш учун туҳмат уюштиради. Турли хил уйдирмаларни тўқиб чиқаради. Душманни енгиш учун туҳматни қурол қилиб ишлатади. Чунки туҳмат орқасида бошқалар учун катта фожиа туради. Арзимаган бир гап одамнинг тақдирини ёмон тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.
Бирор кимсага нисбатан ёмон гумон қилиш ҳам ноҳақ туҳматга олиб боради. Шу сабабли, аввало бировга ёмон гумон қилишдан тийилиш лозим. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларидан ёмон гумон қилишдан қайтариб бундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар, одамлардан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Инсон ўзининг баъзи бадгумони билан гуноҳкор бўлур” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Инсонлар бир-бирларидан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Зеро, бировдан гумон қилиш бошқа гуноҳларга етаклайди.
Баъзилар фойда кўриш учун туҳмат гапни гапиришади. Биров зарар кўрмаслик учун ёки зарарни кетказиш учун туҳмат қилишади. Шу йўл билан фойда кўрмоқчи ёки балодан қутулмоқчи бўлишади. Аслида, туҳматдан фойда кўриш йўқ. Чунки туҳмат ёлғон сўзлардан иборат бўлиб, ёлғон сўзларда фақат хатар бор, нажот йўқ.
Баъзи бир одамлар бошқаларни ўзларига жалб қилиш, ўзларини гапбилармон қилиб кўрсатиш учун туҳмат гапларни гапиришади. Донишмандлар: “Бошқа инсонларга тили билан озор берадиган, туҳмат қилиб яшашдан кўра, тилсиз бўлиб туғилган яхшидир”, деганлар.
Туҳмат инсонларга нисбатан қилинган зулмдир. Инсоннинг инсонга қилган зулмини ўша зулм қилинган одам олдин кечмаса, унинг гуноҳини Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.
Туҳмат инсоннинг барча савоб ишларини кетказади, туҳмат қилган ҳам туҳматни маъқуллаган ёки уни эшитган ҳам гуноҳга шерикдир. Биров туҳмат қилиб гапирса, уни туҳматдан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Бировдан эшитган гапни гапиравериш гуноҳни кўпайтиришдир. Туҳмат қилинган одам туҳмат қилинганлигини эшитса, унга сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади.
Инсон туҳматга учрайдиган жойларга боришдан, ўзини туҳматга тушиб қолишдан сақлаши лозим.
Туҳмат жамият кишилари ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши ишларда ҳамкорлик қилиш фазилатларини йўққа чиқаради. У туфайли жамият кишилари орасида ўзаро ишонч, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан қараш, дўстлик, бирдамлик каби фазилатларга ўрин қолмайди. Туҳмат инсонлардаги душманлик, нафрат, ғийбат, ичи-қоралик, чақимчилик каби салбий хулқларни юзага чиқариб, уларни инсонларда томир отишига сабабчи бўлади. Бу ёмон хулқлар туфайли қанча-қанча инсонларга сабабсиз озорлар етади. Шу сабабли халқимиз: “Ноҳақ, қуруқ туҳматдан асрасин” деб дуо қилади.
Аслида, инсонлар доимо бир-бирларига яхшилик соғиниб яшашлари лозим. Зеро, инсонлар ўртасида инсонгарчиликдан кутилган мақсад ҳам яхшилик қилишдир. Бирор инсонга яхшилик қилиш қўлимиздан келмайдими, унга ёмонлик қилишдан ҳам тийилайлик.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида вакилликнинг янги биносида туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Муфтий ҳазратлари юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритар экан, имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолиятларини жадаллаштиришлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, соҳа ходимларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.
Таҳлилий мажлисда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, 40 мингта маърифий тадбир, ОАВларда 9 мингта чиқишлар қилиниб, 5 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани, 5 300 та мигрант оилалари билан мулоқот қилингани ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 5 млрд сўм, мадрасаларга эса 800 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилгани юқори баҳоланди.
Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида масжидларни ободонлаштириш, тозалик ва техник хавфсизлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, Фатво маркази фаолияти, ўз устида ишлаш, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда muftiy.uz мобиль иловаси имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари сўзлари ниҳоясида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудудида фаолият юритаётган дин пешволарининг фаолиятларини таҳлилий ўрганиб, масъулият, садоқат, фидоийлик ва ташаббускорлик билан хизмат қилишларини таъминлаши лозимлиги айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати