Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Биламизки, Юсуф алайҳиссаломга ярим чирой берилган. Тўлиқ чирой Одам алайҳиссаломга берилган. У зотни Aллоҳ мукаммал қилиб яратган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар ва инсонларнинг ҳар тарафлама энг яхшиси бўлган. Саволим шуки, энг чиройли пайғамбар Одам алайҳиссаломми ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Энг гўзал инсон бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. У зот алайҳиссалом Юсуф алайҳиссалом борасида: “Юсуфга ярим гўзаллик берилган”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Айрим уламолар ушбу ҳадисдаги “ярим гўзаллик”дан мурод “Юсуф алайҳиссаломга Пайғамбаримизга берилгандан бошқа гўзалликнинг ярми” эканини таъкидлашган.
Бошқа уламолар эса: “Одам алайҳиссалом ҳусниларининг ярми назарда тутилган”, дейишади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳ юборган ҳар бир пайғамбар гўзал юзли ва чиройли овозли бўлган. Соҳибингиз (яъни Пайғамбаримиз алайҳиссалом) уларнинг ҳаммасидан чиройли юз ва чиройли овозлидирлар” (Имом Термизий ривояти).
Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг гўзал юзли ва овозли эканликларини англамоқ лозим. Валлоҳу аълам.
“Фатволар тўплами”дан