بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ
Исломда қарз олди-берди масаласи
Ҳурматли жамоат! “Қарз” сўзи луғатда “кесиш” деган маънони билдиради. Қарз берган киши молидан бир қисмини кесиб, бошқага бергани сабабли шундай деб аталган. Шариат истилоҳида эса: “Қарз – бир нарсани бошқа кишига уни қайтариб бериш шарти ила мулк қилиб беришдир”.
Демак, қарзга олинган нарса қарз олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса унинг эвазини берса бўлди.
Қарз бериш – бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир. Чунки қарз беришда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ экани кўплаб ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта, бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ
яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси 17-оят).
Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада яхшироғини беради ва улуғ ажр билан мукофотлайди.
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар: “Муҳтож кишига қарз бериш – фақир инсонга садақа беришдан афзалдир”, – дейишган. Чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди.
Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўша миқдорда садақа қилганни савобини олади. Бу ҳақда Бурайда ибн Ҳусайб Ал-Асламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ كَانَ لَهُ عَلَى رَجُلٍ حَقٌّ، فَمَنْ أَخَّرَهُ كَانَ لَهُ بِكُلِّ يَوْمٍ صَدَقَةٌ
(رواه الامام أحمد عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
كان رجلٌ يدايِنُ الناسَ فكان يقولُ لفتَاهُ: إذا أتيتَ مُعْسِرًا فتجاوزْ عنه لعلَّ اللهَ أنْ يتجاوَزَ عنَّا قال: فلَقِيَ اللهَ فتجاوَزَ عنْهُ
(رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига қарзни сўраб борсанг, ундан қарзини кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан гуноҳларимизни кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:
مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ لَهُ، أَظَلَّهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَحْتَ ظِلِّ عَرْشِهِ، يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ
(رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)
яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзини кечса, соя бўлмаган Қиёмат кунида Аллоҳ уни Ўз аршини соясида соялантиради” (Имом Муслим ривоятлари).
Муҳтарам жамоат! Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига эмас, ўзининг билимига ва имкониятига қараб иш тутиши лозим. “Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топибди, мен ҳам шу ишни қиламан” деб қарзга кириб қолмаслик керак. Ҳозирги қарздорларнинг аксарияти шу қабилда иш тутганлардир.
Қарздор бўлиб қолганлар қарзларини узиш бирламчи вазифаларидан бири эканини бир зум ҳам эсдан чиқармасликлари, қарзнинг узилмай қолиши дунё ва охиратда шармандалик эканини унутмасликлари лозим. Агар банданинг нияти содиқ бўлса, қарзини узишга сидқидилдан уринса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериши ҳақдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди, ким талофат етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унга талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шуни яхши билиш керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан дунёдан ўтиб кетадиганлар Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади. Имкони бўла туриб, қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:
مَطْلُ الغَنِيِّ ظُلْمٌ
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
Яъни: “Бой зиммасидаги қарзини бермасдан чўзиб юриши – зулмдир”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши – золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилган бўлади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.
Мабодо қарз олишга мажбур бўлиб қолганда ҳам, олишдан аввал ўша қарзни узишга имкони бор-йўқлигини минг бор ўйлаб кўриш керак. Кўпчилик “қарз орқали пул топсам бўлди, ишим юришиб кетади”, деган фикрда бўлади. Аслида эса пул топганнинг ҳаммаси ҳам бойиб кетавермайди. Агар шундай бўлганида, бугун қарздорлар бу қадар кўпайиб кетмасди.
Абу Мусо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом:
إنَّ أعظَمَ الذُّنوبِ عِندَ اللهِ أن يَلْقاه بها عبدٌ بَعْدَ الكبائِرِ التي نهى اللهُ عنها: أن يموتَ رَجُلٌ وعليه دَينٌ لا يَدَعُ له قَضاءً
яъни: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган кабира – катта гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ – бир киши зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай вафот этиб, У Зотга рўбарў бўлишидир”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан вафот этишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бундан ортиқ огоҳлантириш бўлмаса керак.
Муҳтарам азизлар! Қарз банданинг хаққи бўлиб, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечиши мумкин холос. Уни Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олишлари лозим. Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
هَا هُنَا مِنْ بَنِي فُلاَنٍ أَحَدٌ؟ قَالَهَا ثَلاَثاً فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ: أَنَا مِنْهُمْ فَقَالَ عَلَيْهِ الصَلاَةُ وَالسَّلاَمُ:إِنَّ صَاحِبَكُمْ مَحْبُوسٌ عَنِ الْجنَّةِ بِدَيْنِهِ
(رواه الامام أحمد سمرة بن جندب رضي الله عنه)
яъни: “Бу ерда фалон қавмдан ким бор?”, – дедилар. Бир киши: “Мен борман”, –деди. Шунда У Зот: “Соҳибингиз қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб турибди”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Рўзғор тебратиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган кишига қарз бериш билан молиявий алоқа олиб борилади. Лекин ҳаргиз қарзга олинган пулга маблағ қўшиб бериш шариатимизда қатъий қайтарилган. Буни шариатда “судхўрлик” деб аталади.
Судхўрлик – энг катта гуноҳлардан. Қуръони каримда судхўрлик билан шуғулланувчиларга дунё ва охиратда аламли азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли Имрон сураси, 130-оят). Ҳадиси шарифда:
لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ آكلَ الرِّبا وموكلَهُ وشاهديهِ وَكاتبَهُ
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг eдирувчисини, бунга гувоҳ бўлган кишиларни ҳамда котибини лаънатладилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, пул қарз бериб, уни устамаси билан кўпайтириб олиш шариатимизда ҳаром қилинган. Ризқ – инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий неъмат экан, уни ҳалол йўллар билан излаш лозимдир.
Одамлар ўртасидаги қарз муомаласида гоҳида берган қарзини тилла ёки гўшт каби маҳсулотларга чақиб қўйиш ҳоллари учрайди. Яъни, берилган қарзлар пулнинг инфляцияси туфайли қадри тушишини эътиборга олиб, қарзни олаётганларида берганларидан кўра кўпроқ маблағни олишни хоҳлайдилар. Баъзи аҳли илмлар буни жоиз деб билсаларда, аммо тўрт мазҳаб жумҳур уламолари, жумладан, ҳанафий мазҳабимиз олимлари ҳам бу ишни ножоиз ва шаръан мумкин эмаслигини таъкидлайдилар. Чунки, бунда рибо хавфи мавжуд. Пулнинг қадрсизланиши ҳамиша бўлиб келган. Қарз бераётганда албатта ушбу омилларни ҳисобга олиш керак. Яъни, ўша вақтда қарзни ўзи учун асосий ва барқарор деб билган пул бирлигида бериши керак.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қарз берилган пул бирлиги қарзни тўлаётган вақтида бутунлай муомаладан чиқиб кетса ёки бекор қилинса, шу ҳолдагина ўша пулнинг қарз берилган вақтидаги бошқа нарсадаги қийматини талаб қилиш мумкин бўлади. Бир пайтлар муомалада бўлган рубль ва купон пуллари бунга мисол бўлиши мумкин. Лекин маълум бир пул бирлигида қарз олган киши, олдиндан келишмаган ҳолда уни тўлаш пайтида ўзаро розилик билан бошқа пул бирлигида тўлаши жоиз.
Сўмда берилган қарзни бошқа пул бирлигида, масалан, доллар, евро кабиларда қайтарилишига келишиб олиш насия рибоси ҳисобланади. Чунки, бу жинси ҳар хил пулларни насия айирбошлашга битим тузиш ҳисобланади. Бу эса шаръан жоиз эмас. (Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоё ал-фиқҳия ал-муосиро” китобидан фойдаланилди).
Муҳтарам жамоат! Ҳозирда кўпчилик кишилар қарздорликдан қандай қутилиш мумкинлиги ҳақида саволлар билан мурожаат қилишади. Қарздорликдан қутилиш учун аввало ниятни яхши қилиш ва албатта қарзни узишга астойдил ҳаракат қилиш лозим. Кейин Аллоҳ таолодан қарзини узишга ёрдам қилишини сўраш керак бўлади. Кўплаб ҳадиси шарифларда тез-тез такрорлаб юриладиган дуоларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом таълим берганлар. Абу Саъид разияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирган эдилар, бирдан ансорлардан Абу Умома деб аталадиган кишини кўриб қолдилар. Шунда У Зот: “Эй Абу Умома! Масжидда намоз вақтидан бошқа вақтда ўтирганингизни кўряпманми?” – дедилар. “Мени ғамлар ва қарзлар босди, эй Аллоҳнинг Расули!”, – деди. “Сизга агар айтсангиз, Аллоҳ ғамларингизни кетказадиган ва қарзларингизни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. Шунда Расулуллоҳ: “Тонг оттирсангиз ва кечга етсангиз:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْجُبْنِ وَالْبُخْلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ غَلَبَةِ الدَّيْنِ وَقَهْرِ الرِّجَالِ، قَالَ: فَفَعَلْتُ ذَلِكَ فَأَذْهَبَ اللهُ هَمِّي وَقَضَى عَنِّي دَيْنِي
(رَوَاهُ الامام أَبُو دَاوُدَ)
яъни: “Ё Аллоҳ! Сендан ғам босиши, маҳзунлик, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўрайман! Қўрқоқлик, бахиллик, қарзга ботиш ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман!” денг, – дедилар. Шундай қилдим, натижада Аллоҳ ғамимни кетказди ва қарзимни адо қилишга ёрдам берди (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Муҳтарам азизлар! Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, айримлар коммунал хизмат, яъни электр энергия, газ, сув, ер солиғи ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўламасдан мажбурий ижро ходимларини овора қилиб, аҳоли билан жиддий муомала қилишларига мажбур қилаётганлар борлиги ачинарли ҳолдир. Аслида ушбу коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон шартнома тузган. Ўша шартномага кўра, ўзимиз ишлатган нарсани тўловларини ўз вақтида адо қилишимиз лозим бўлади. Бунга бепарво бўлиш юқоридаги оят-ҳадисларда огоҳлантирилган жазоларга олиб келишини эсдан чиқармайлик.
Шу билан бирга ушбу коммунал хизмат тўловлари кўпчиликнинг – халқнинг ҳаққи саналади. Уни турли асоссиз баҳоналар билан ўз вақтида тўловларни амалга оширмаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш, ёхуд ҳар-хил ҳийлалар ишлатиб ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни бировнинг ҳаққини, устига-устак, халқни ҳаққини ейиш эканини эслатиб қўймоқчимиз. Бундай шариатга зид ишлар Қиёмат куни катта жавобгарликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак. Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
إِنَّ رِجَالاً يَتَخَوَّضُونَ فِى مَالِ اللَّهِ بِغَيْرِ حَقٍّ، فَلَهُمُ النَّارُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِي
яъни: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Аллоҳ таоло халқимиз фаровонлигини янада зиёда қилсин! Қарздорларга қарзларини узишлари учун ёрдам ва тавфиқ ато айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
Ü Ота-она рози – Худо рози!
Ü Яхши ўғил ота молини бийлар,
Ёмон ўғил ота молини сочар.
Ü Ўзингга раво кўрмаганни
Ўзгага ҳам раво кўрма!
Ü Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!
Ü Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади.
Ü Кўза кунда эмас, кунида синади.
Ü Одоб билан бахт топилар,
Сабр билан – тахт.
Ü Ошиқмаган олисга етар.
Ü Сабр – аччиқ, меваси – ширин.
Ü Сабр таги – раҳмон,
Шошган иши – шайтон.
Ü Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
Ü Аччиқ тил – заҳри илон,
Чучук тилга – жон қурбон.
Ü Сабр этган етар муродга,
Бесабр – қолар уятга.
Ü Сабр этган – муродга етган.
Ü Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.
Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.
Ü Сабрли бўлсанг – ўзарсан,
Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.
Ü Узун тил – бошга тўқмоқ,
Бўйинга – сиртмоқ.
Ü Сабрли кишининг иши соз!
Ü Сабрлининг бошига олма битар,
Сабрсизнинг бошига – ғавғо.
Ü Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.
Ü Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.
Ü Тек юрган, тўқ юрар.
Ü Той минган от ҳам минар.
Ü Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,
Сабр қилсанг – боғ эгилар.
Ü Тоқатлига тоғлар эгар бошини,
Бетоқатнинг итлар еяр лошини.
Ü Чопиб борган ерга,
Юриб борса ҳам бўлар.
Ü Шошган ишга шайтон қўшилар.
Ü Дўст орттираман десанг –
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг –
Чақиртикан бўл!
Ü Шошган эр уйига етолмас,
Шошган қиз эрга ёлчимас.
Ü Шошганнинг иши ўнгмас.
Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
Ü Шошилган йиқилар,
Шошмаган ойга чиқар.
Ü Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.
Ü Ҳамма яхши – мен ёмон,
Ҳамма буғдой – мен сомон.
Ü Ўзига боқма – сўзига боқ!
Ü Таом лаззати ўзида,
Одам лаззати – сўзида.
Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
Ü Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
Ü Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
Ü Мазлумлар дилини оғритма бир зум,
Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...
Ü Шошмасанг, тез етасан,
Шошгандан ўзиб кетасан.
Ü Яхши от кейин чопар.
Ü Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.
Ü Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,
Беқаноат – отини сўяр.
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...
Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.
Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:
– Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.
Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...
Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:
– Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.
– Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...
– Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.
– Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.
У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:
– Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.
– Ота, нега узиб қуйишим керак?
– Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.
Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.
Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.
У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.
Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...
Шунда Хақ Таоло:
– Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.
Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
(2 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.