Бугун, 12 октябь куни бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қўшқўрғон” жоме масжидининг янги биноси қурилишини кўздан кечириб, унинг қурилишига табаррукона ғишт қўйиб беришди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва бошқалар қатнашди.
Маълумот учун, масжид илк бор 1914 йилда қурилган. Мустабит тузими даврида масжид фаолияти тўхтаб қолган. У 1989 йилга келиб қайта очилган.
2021 йил март ойида жоме янги биносини қайта қуриш ишлари бошланди. Хонақоси 5 минг кишига мўлжаллаб барпо этилмоқда. Эскисига 600 киши сиғар эди. Ҳозирда масжид хонақоси пойдевори қўйилиб, ғишт териш ишлари жадал олиб борилмоқда. Минорасининг баландлиги 35 метр бўлиши режа қилинмоқда.
Шунингдек, 50 сотохни ўз ичига олган мажмуада аёллар намозхонаси, маъмурият хонаси, қаровулхона ва бошқа хизмат бинолари ўрин олган.
Айни пайтда янги таҳоратхонанинг биноси битказилиб, том қисмини ёпиш ишлари кетмоқда. Масжид янги биноси қурилишини 2022 йилда битказиш режа қилинган.
Тадбир сўнгида ҳомийлар, уста-қурувчилар ва бу хайрли ишга ҳисса қўшаётган барча азизларнинг ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.