Саудия Aрабистонида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳамюртимиз Хайрулло Икромов Макка шаҳрида илк миллий таомларимиз ресторанини очди.
ЎзA хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллигида бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестиция ва туризм соҳаларининг жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Х.Икромов мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни доимий кузатиб боришини, спорт, маданият ва илм-фан соҳаларида эришаётган юксак марраларимиздан фахрланишини таъкидлади.
– Кўп йиллардан буён хорижда ресторан бизнеси билан шуғулланаман, – дейди Х.Икромов. – Макка шаҳридаги миллий таомларимизга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, марказий қисмида “Ўзбекистон” ресторанини очмоқдамиз.
Улар янги ташкил этилган мажмуага Ўзбекистондан бош ошпаз, новвой ва бошқа ходимларни жалб қилишга қарор қилишди.
Ресторан шу йилнинг 28 ноябридан иш бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати