Президент Шавкат Мирзиёев Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Қуръон тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо қилинди.
Уламолар билан суҳбатда илмнинг аҳамияти, ёшлар тарбияси ҳақида сўз борди.
- Бухоро азалдан илм, маънавият маркази. Қадимда бу ерда 30 дан ортиқ олий мадраса бўлган. Ҳеч қаердан бунча кўп уламо чиқмаган. Бугун ҳам ёшлар тарбиясида, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда Бухоронинг ўз ўрни бор, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари зиёратгоҳларни ва уларга олиб борадиган йўлларни обод қилиш, ички туризмни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
- Зиёрат халқимизнинг аждодларга бўлган ҳурматини, ёшлар дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун бу ерга бошқа ҳудудлардан янги йўналишлар очиб, ёшларни олиб келиш, билимини ошириш муҳим, - деди Президент.
Шавкат Мирзиёев бугун ҳудуд ривожи билан танишади, шунингдек, Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида бухоролик сайловчилар билан учрашади.
Бугун, 13 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин!