Адабиёт бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти лауреати Буюк Британияда яшовчи танзаниялик Абдулраззоқ Гурнага тақдим этилди. Бу ҳақда Швеция Қироллик Фанлар академияси Нобел қўмитаси маълум қилди. Абдулраззоқ Гурна «маданиятлар ва қитъалар орасидаги жарликда мустамлакачиликнинг оқибатлари ва қочқин тақдирини муросасиз ўргангани» учун мукофотланган, дейилади қўмита хабарида. Соврин эгасига Швеция академиги томонидан 1,14 миллион АҚШ доллари берилади.
Абдулраззоқ Гурна 1948 йилда Занзибар оролида араб миллатига мансуб мусулмон оиласида туғилган. 20 ёшида у Буюк Британияга кўчиб келган, Кент университетида докторлик унвонини олган ва ҳозир инглиз тили бўлимининг аспирантурасига раҳбарлик қилмоқда.
73 ёшли Гурна 10 та роман муаллифи бўлиб, шулардан энг машҳури «Жаннат» ва «Чўл».
«Бу мен учун жуда кутилмаган воқеа бўлди, мен узоқ вақтдан бери бу воқеа мен билан содир бўлаётганини тушуна олмадим», дейди мусулмон ёзувчи.
islom.uz
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ