Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳаё ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир”, дедилар. Албатта, ўлим ва ундан сўнг бўладиган ҳолатларни эслаш, инсоннинг гуноҳдан қайтишига сабабчи бўладиган энг кучли воситалардан биридир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Эй биродар! Бугун бозорга келган мато сенинг кафанинг бўлмаслигини қаердан ҳам билардинг!?”
Машойихлар айтганлар: “Ўлимнинг келиши аниқ. Лекин ўлганда кафан билан кетишда гумон бор”.
Шунинг учун инсон ҳар қадамида ўлимга тайёр бўлмоғи керак. Ўлим қай ҳолатда келишини ким билади?
Ҳадиси шарифда: “Қандай ҳолатда яшаган бўлсангиз, шундай ҳолатда ўлим келади”. Яъни, кимнинг ҳаёти солиҳ амаллари билан безатилган бўлса, ўлими ҳам мақталинган ҳолатда бўлади ва кимнинг ҳаёти гуноҳлар билан ўтган бўлса, унга ўлим ҳам шу ҳолатда йўлиқади.
"Шарм ва ҳаё” китобидан
"Вақф" хайрия жамоат фондининг Хоразм вилояти филиали томонидан кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган 35 нафар болажонларнинг суннат тўйи байрамона кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирда "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Ойбек домла Хушвақтов, маҳаллий мутасаддилар, нуронийлар, ҳомийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар юртимизда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва хайр-саховат қадриятларини мустаҳкамлаш, айниқса, етим ва эҳтиёжманд болаларга қувонч улашиш энг улуғ ва савобли амаллардан бири эканини таъкидлади.
Байрам дастури болалар учун тайёрланган махсус шоудастурлар ва қизиқарли ўйинлар билан бойитилди. Тадбир якунида барча болажонларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашдаги фидокорона хизматлари учун "Вақф" фонди Хоразм вилояти филиали раҳбари Алижон домла Матяқубовга ташаккурнома топширилди.
Файзли ўтган тадбир якунида ушбу саховат тадбирига ҳисса қўшган барча ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати