Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш ҳамда давлат раҳбари сифатида бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Давлат раҳбари аввало Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди.
Бу улуғ мутафаккир ХI асрда яшаган. Мотуридия таълимотининг давомчиси, ақида илмининг етук билимдони сифатида динимиз софлигини сақлаган, адашганларни маърифат билан тўғри йўлга бошлаган. Лекин узоқ йиллар унинг мероси ҳам, қадамжоси ҳам эътибордан четда қолиб кетган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома мақбараси обод ва улкан зиёратгоҳга айлантирилди. Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бу ерда янги масжид, музей, кутубхона ва маъмурий бинолар қурилган. Дарахтлар, гуллар экилиб, сўлим боғ ташкил этилган. Абу Муин Насафий китобларининг номи ва ўгитлари ёзиб қўйилган. Зиёратгоҳда XI асрга оид ёдгорлик ва қудуқ, XIII асрда қурилган эски масжид ҳам сақланиб қолган.
Президентимиз янги масжид ва музейни кириб кўрди. Музейда Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган. Бу ерда қадимги Самарқанд қоғозига битилган Қуръони каримнинг асл нусхаси, матога тўқиб ёзилган муқаддас оятлар ҳам сақланмоқда.
Шавкат Мирзиёев аллома асарлари бугунги кунда ҳам долзарблигини, уларнинг мағзини халқимизга, ёшларга етказиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этиш таклифини билдирди.
president.uz
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати