Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2026   |   25 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:19
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2026, 25 Рамазон, 1447

Даврий нашрларда: Отинойи асли ким?

11.10.2021   2827   4 min.
Даврий нашрларда: Отинойи асли ким?

Аёллар ва болалар оламини мунаввар қилишдек энг савобли ишга ўзларининг маърифий улушларини қўшган покдомон оналаримиз – отинойи, отинбиби, отинча, халфалар ҳақида нималар биламиз? Отинлар аслида ким бўлганларини суриштириб, табиийки, тарихий, илмий, бадиий адабиётларга, табаррук қарияларимизнинг хотираларига мурожаат қилдик.

Изланишлар натижасида отинлар ҳақида, оз бўлса-да, манбалар борлиги, шўролар замонида улар ҳам қатағонга учраганининг гувоҳи бўлдик. Салкам бир аср давомида халқимизни кўҳна тарихдан, қадриятларимиз, динимиз, миллийлигимиздан четлаштириш мақсадида ўртага парда тортилиб, отинларга нисбатан “эски”, “эскича” ибораси қўллаб келинган. Шўролар ўзларининг илк қадамларидан бошлабоқ масжиду мадрасаларимизни вайрон этдилар.

“Отин” сўзи тарихга оид, тарихий термин бўлиб, уйда мактаб тутган, болаларни ўқитган аёл эканига ишора қилинади. “Ўтар кун қўшнимиз отинбибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим” (Ойбек, “Қутлуғ қон” романидан).

Отинбиби ёки отинбуви, отинойи – уйида мактаб тутган аёл. “Ёзишни билмайдими? Қайдан билади? Қишлоғимизда отинбуви бўлмаса, ўқимаган-да...” (Мирзакалон Исмоилий, “Фарғона тонг отгунча”).

  1. Этнографияга оид термин бўлиб, хотинлар йиғинида ишқий ғазаллар ўқувчи аёл. Бу ўринда Қуръони каримни қироат билан ёддан ўқувчи аёл, дейишдан қочилган.
  2. Сўзлашув тилида қўлланиладиган сўз ёки ибора бўлиб, ҳар қандай ўқимишли ёки ўқитувчи аёл. “Шу чинорга чиққанга, чиқиб уни йиққанга сўзсиз хотин бўламан, гўзал отин бўламан” (Ҳамид Олимжон). “Ойинг ҳам отин бўлади. – Мавлон ака Кароматнинг гапидан завқланиб кулиб қўйди” (Ғафур Ғулом, “Машъал”). “Гулнор... Йўлчига хат ёзишга қарор қилган ва сўзларини айтиб турган, Отин қиз эса Гулнор сўзларини силлиқлаб қоғозга кўчирган” (Ойбек, “Қутлуғ қон”).
  3. Ўқимишли, обрўли аёлларга мурожаатда ёки улар тўғрисида гап борганда исмига қўшиб ишлатиладиган сўз: Шакар отин, Фотима отин. “Юсуфбек ҳожи: – Болам, Зайнаб отин, сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин менинг болам бўлганингизни сиз ҳам унутманг” ( Абдулла Қодирий , “Ўткан кунлар”). “Отинча қизим, ҳой, ўзимнинг отинча қизим, қанисан?” (И.Раҳим, “Чин муҳаббат”).

Шўролар “Ислом аёлни камситганини ҳар қанча исбот қилган” бўлмасин, аллома аждодларимизнинг илк сабоқни ўз оналаридан олганларининг гувоҳи бўламиз. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий отадан жуда ёш етим қолгани туфайли онаси бутун таълим-тарбия ишларини қўлига олиб, фарзандини ҳар жиҳатдан баркамол, солиҳ инсон қилиб вояга етказишга киришади.

 Ривоят қилишларича, Имом Бухорий болалик чоғларида кўрмай қолади. Онаси кунлардан бирида Иброҳим Халилуллоҳни туш кўради. У зот: “Эй волида! Аллоҳ таоло бетиним дуою илтижоларинг сабабли ўғлингнинг кўзларига қайта нур ато этди”, дейдилар (“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, ЎзМЭ, Т. 1998 й, 10–11-б).

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддек буюк зотни тарбиялаган табаррук она Биби Орифа ўз замонасининг оқила, зукко аёли бўлибгина қолмай, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ҳамдир.

Муқимийдаги шеъриятга иштиёқ ва қобилиятнинг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни ниҳоятда катта. Туғма истеъдод соҳибаси бўлган бу аёл жуда кўплаб эртак ва қўшиқларни ёд билган, уларни ифодали сўзлаб бериш билан тингловчиларни мафтун этган. Маҳалла мактаби ва “Ҳакима ойим” мадрасасида таълим олгач, 1872–1873 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида ўқиган.

Тошкент жадидларининг улуғ вакили Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг отаси Абдурашидхон – мударрис, онаси Хосиятхоним – отин бўлган. Мунаввар дастлаб онаси қўлида савод чиқарган. Кейинчалик Тошкентнинг “Юнусхон” мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган...

Садриддин Айнийнинг отасига эски мактабдаги домланинг ўқитиш услуби ёқмагач, ёш Садриддинни отинбиби мактабида ўқитгани ҳақида маълумотлар бор. Қатор мадрасаларда билим олиб, буюк ёзувчи, шарқшунос олим, жамоат арбоби бўлиб етишган Садриддин Айний ўзининг “Эски мактаб” номли қиссасида отинбиби мактабини бола тили билан қуйидагича тасвирлайди: “Отинбибининг дарс бериш усули домланикига қараганда бироз бошқачароқ эди. У қаламдай бир чўпчани қўлига олиб, ҳар бир ҳарфни кўрсатар ва унинг номини айттирар эди. Отинбиби ўзининг бутун вақтини сабоқ берувга сарф этар, ҳар бир болани навбати билан ўз олдига чақириб дарс берар ва бу билан кунлик ўқиш ўтар эди”.

Демак, ота-боболаримиз қиздир, ўғилдир, унга жуда ёшликдан савод сабоғини бериб, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашларида домлалар, отинлар, отинойилар, отинбувилар хизматидан фойдаланиб келганлар.

Марҳамат АЛИМОВА,

тарих фанлари номзоди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Садақанинг 63 та фойдаси

11.03.2026   5432   11 min.
Садақанинг 63 та фойдаси

САДАҚАнинг 63 та ФОЙДАСИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

Каломуллоҳ – Қуръони каримнинг

муборак ояти карималаридан

ва

Жаноби Пайғамбаримиз

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг

муборак ҳадиси шарифларидан

 

                                                                                        Устоз уламои киромларимиз айтадилар: 

                                                                                        “Жуда оз бўлса ҳам,

                                                                                        кунига садақа қилишни одат қилинг!"

                                                                                       Чунки "САДАҚА – РАДДИ БАЛО".

 

1)       Садақа – жаннат эшикларидан биридир.

2)       Садақа – солиҳ амалларнинг энг афзали. 

3)       Садақа Қиёмат куни ўз соҳибига соябон бўлади.

4)       Садақа қабр иссиғини пасайтиради.

5)       Садақа – маййитга қилинадиган энг яхши ва энг фойдали ҳадядир. Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради. 

6)       Садақа нафсни поклайди.

7)       Садақа Қиёмат кунидаги қўрқинчдан омонлик беради.

8)       Садақа хато ва гуноҳларга кафорат бўлади.

9)       Садақа – ўлим олди хотимани гўзал қилади.

10)       Садақа хурсандчиликка сабаб бўлади.

11)       Садақа қилувчи – одамларнинг энг яхшисидир.

12)       Садақа соҳибига жуда ҳам кўп ва беқиёс буюк яхшиликлар ва жуда ҳам улкан савоблар ваъда қилинган.

13)       Садақа қилиш – тақводорларнинг сифатларидандир. 

14)       Садақа – саховатнинг белгисидир.

15)       Садақа – дуо қабул бўлишига сабабдир.

16)       Садақа – ташвишнинг аришига сабабдир.

17)       Садақа балони қайтаради.

18)       Садақа умрни узайтиради. 

19)       Садақа – дардга даво, касалликкашифо, энг фойдали муолажадир.

20)       Садақа ўт тушишидан, сувда чўкишдан, ўғри уришидан асрайди.

21)       Садақанинг савоби – нақд, гарчи у ҳайвон-паррандаларга қилинса ҳам.

22)       Садақанинг афзали – очга таом беришдир.

23)       Садақа қилувчи киши одамлар меҳрини қозонади.

24)       Садақа – садақа қилувчининг мол-давлатини кўпайтиради. 

25)       Садақа ризқ зиёда бўлишига сабаб бўлади.

26)       Садақа – садақа қилган кишини одамлар яхши кўришларига сабаб бўлади.

27)       Садақа нусратга сабаб бўлади.

28)       Садақа ишида қатнашганлар савобга шерик бўладилар.

29)       Садақа – бало ва қазолардан ҳимоя қилади.

30)       Садақа ўз эгасини ёмон ўлимдан асрайди.

31)       Садақа берган билан мол-дунё камайиб қолмайди.

32)       Садақа берадиган одамнинг молига фаришталар барака тилаб дуо қиладилар.

33)       Садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради.

34)       Садақа – садақа берувчининг шайтонлар устидан ғалабасидир.

35)       Садақа Қиёмат кунида бу дунёда бой берилган нарсаларга афсус қилдирмайди.

36)       Садақа – ғам-андуҳдан холи этгувчидир.

37)       Садақа Қиёмат куни тўсиқ бўлиб, ҳимоя қилиб, садақа қилувчини дўзахдан тўсади.

38)       Садақа қалбнинг қаттиқлигини юмшатади.

39)       Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзининг жилосидир.

40)       Садақа қилинган маййитга ҳам, садақа қилган одамга ҳам Аллоҳ таоло савобларини кўпайтириб беради.

41)       Садақа – ёмонликларни даф этиш учун сабабдир.

42)       Садақа фаришталарнинг дуосига сабаб бўлади.

43)       Садақа савобларни кўпайтиради.

44)       Садақа – қайғудан асрагувчидир.

45)       Садақа – қабр оловини сўндиргувчидир.

46)       Садақа – ҳасанотларни ўн ҳиссага кўпайтиргувчидир.

47)       Садақа бу дунёдаги 70 хил ёмонлик эшикларини ёпади.

48)       Садақа – соҳибини қабр азоби ва оловдан озод этгувчидир.

49)       Садақа – садақа берувчининг қувончига сабабчидир.

50)       Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби, инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган хато ва гуноҳларини садақа ўчиради.

51)       Садақа вафотингиздан кейин ҳам ажр-савобингизни кўпайтириб туради.

52)       Садақа қилувчи Аллоҳ таолога яқин бўлиб, Ўзининг меҳрига сазовор бўлади.

53)       Узр сабабли тутолмай қолган фарз қилинган рўзани ҳам садақа билан кафорат этилади. 

54)       Садақа Рамазон ойида тутилган рўзани мукаммал қилиб беради.

55)       Садақа қилаётганингизда маблағларингизни йўқотаётган бўлмайсиз, балки уни бошқа пайт учун ўзингизга жўнатаётган бўласиз.

56)       Садақа – сахий ва ҳимматли ишлардан ва эзгу аломатлардан биридир.  

57)       Садақа – дуонинг ижобат бўлишига сабабчидир.

58)       Садақа қилувчиларни Ўзининг гўзал мукофотлари ила сийлайди. 

59)       Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзини ёруғ қилади.  

60)       Садақа – садақа берувчидан ва унинг яқинларидан балони даф қилади.

61)       Садақа – садақа берувчининг обрў ва ҳурматини сақлайди.

62)       Садақа берадиган хонадонга Худои таолонинг раҳмати ёғилади.

63)       Садақа берадиган одамга файзу илоҳий, хайр-барака берилади.

 

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,

ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар