Аёллар ва болалар оламини мунаввар қилишдек энг савобли ишга ўзларининг маърифий улушларини қўшган покдомон оналаримиз – отинойи, отинбиби, отинча, халфалар ҳақида нималар биламиз? Отинлар аслида ким бўлганларини суриштириб, табиийки, тарихий, илмий, бадиий адабиётларга, табаррук қарияларимизнинг хотираларига мурожаат қилдик.
Изланишлар натижасида отинлар ҳақида, оз бўлса-да, манбалар борлиги, шўролар замонида улар ҳам қатағонга учраганининг гувоҳи бўлдик. Салкам бир аср давомида халқимизни кўҳна тарихдан, қадриятларимиз, динимиз, миллийлигимиздан четлаштириш мақсадида ўртага парда тортилиб, отинларга нисбатан “эски”, “эскича” ибораси қўллаб келинган. Шўролар ўзларининг илк қадамларидан бошлабоқ масжиду мадрасаларимизни вайрон этдилар.
“Отин” сўзи тарихга оид, тарихий термин бўлиб, уйда мактаб тутган, болаларни ўқитган аёл эканига ишора қилинади. “Ўтар кун қўшнимиз отинбибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим” (Ойбек, “Қутлуғ қон” романидан).
Отинбиби ёки отинбуви, отинойи – уйида мактаб тутган аёл. “Ёзишни билмайдими? Қайдан билади? Қишлоғимизда отинбуви бўлмаса, ўқимаган-да...” (Мирзакалон Исмоилий, “Фарғона тонг отгунча”).
Шўролар “Ислом аёлни камситганини ҳар қанча исбот қилган” бўлмасин, аллома аждодларимизнинг илк сабоқни ўз оналаридан олганларининг гувоҳи бўламиз. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий отадан жуда ёш етим қолгани туфайли онаси бутун таълим-тарбия ишларини қўлига олиб, фарзандини ҳар жиҳатдан баркамол, солиҳ инсон қилиб вояга етказишга киришади.
Ривоят қилишларича, Имом Бухорий болалик чоғларида кўрмай қолади. Онаси кунлардан бирида Иброҳим Халилуллоҳни туш кўради. У зот: “Эй волида! Аллоҳ таоло бетиним дуою илтижоларинг сабабли ўғлингнинг кўзларига қайта нур ато этди”, дейдилар (“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, ЎзМЭ, Т. 1998 й, 10–11-б).
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддек буюк зотни тарбиялаган табаррук она Биби Орифа ўз замонасининг оқила, зукко аёли бўлибгина қолмай, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ҳамдир.
Муқимийдаги шеъриятга иштиёқ ва қобилиятнинг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни ниҳоятда катта. Туғма истеъдод соҳибаси бўлган бу аёл жуда кўплаб эртак ва қўшиқларни ёд билган, уларни ифодали сўзлаб бериш билан тингловчиларни мафтун этган. Маҳалла мактаби ва “Ҳакима ойим” мадрасасида таълим олгач, 1872–1873 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида ўқиган.
Тошкент жадидларининг улуғ вакили Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг отаси Абдурашидхон – мударрис, онаси Хосиятхоним – отин бўлган. Мунаввар дастлаб онаси қўлида савод чиқарган. Кейинчалик Тошкентнинг “Юнусхон” мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган...
Садриддин Айнийнинг отасига эски мактабдаги домланинг ўқитиш услуби ёқмагач, ёш Садриддинни отинбиби мактабида ўқитгани ҳақида маълумотлар бор. Қатор мадрасаларда билим олиб, буюк ёзувчи, шарқшунос олим, жамоат арбоби бўлиб етишган Садриддин Айний ўзининг “Эски мактаб” номли қиссасида отинбиби мактабини бола тили билан қуйидагича тасвирлайди: “Отинбибининг дарс бериш усули домланикига қараганда бироз бошқачароқ эди. У қаламдай бир чўпчани қўлига олиб, ҳар бир ҳарфни кўрсатар ва унинг номини айттирар эди. Отинбиби ўзининг бутун вақтини сабоқ берувга сарф этар, ҳар бир болани навбати билан ўз олдига чақириб дарс берар ва бу билан кунлик ўқиш ўтар эди”.
Демак, ота-боболаримиз қиздир, ўғилдир, унга жуда ёшликдан савод сабоғини бериб, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашларида домлалар, отинлар, отинойилар, отинбувилар хизматидан фойдаланиб келганлар.
Марҳамат АЛИМОВА,
тарих фанлари номзоди
Лайлатул Қадр қандай кеча? Лайлатул Қадр – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида қилинадиган турли амаллар, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдирлар белгиланадиган кечадир.
Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).
1000 ой – 83 йилга тенг.
83 йил – 30295 кунга тенг.
Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламасдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?
Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Дуо қилинг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
"Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний"
"Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).
Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.
Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим бўлиб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД