“Вaқф” фонди томонидан Жиззах вилоятидаги эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган 150 га яқин ҳамюртимиз учун хайрия тадбир ўтказилди. Унда Унда ЎМИ мутахассиси М.Абубакирова, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов ва бошқа мутасадди вакиллар қатнашди.
Маърифий учрашувда нотиқлар Исломнинг мазмун-моҳияти тушунтирди, миссионерлар хатаридан огоҳ бўлиш, уларнинг тузоғига тушиб қолмаслик тўғрисида таъсирли маърузалар қилишди. Ушбу суҳбатлар сурдо таржимонлар томонидан йиғилганларга етказилди.
Ташриф буюрганлар ичида адашганлигини тан олганлар ҳам бўлди. Алҳамдулиллаҳ, ушбу диний-маърифий суҳбат натижасида турли сабабга кўра адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолган 60 га яқин эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар ҳидоят топди. Бу эса йиғилганларнинг қалбларини ҳаяжонга солди, кўзларидан қувонч ёшлари оқишига сабаб бўлди.
Фонд томонидан тадбирдан сўнг иштирокчиларга ош дастурхони ёзилди. Зиёфатдан кейин озиқ-овқат ва диний-маърифий китоблардан иборат хайриялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одатда одамларда «Қиз бола бировнинг ҳасми, эрта-индин эрга тегиб кетиб қолади. Ундан нима фойда бўлиши мумкин», деган салбий фикр бўлади. «Ўғил бола эса доимо хизматда бўлади. Уни уйлаб қўйсанг, келин ҳам хизматингни қилади. У қариганингда ҳам жонингга оро киради», каби тушунчалар бор. Бу нотўғри фикр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақида ўз ҳадисларида қайта-қайта баён қилганлар. Ўзлари тўрт нафар қизларига қилган муомалалари билан барчага намуна кўрсатганлар.
Ушбу ҳадиси шариф ва ривоятларда ҳам шу маънолар илгари сурилган.
عَنِ الزُّهْرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ كَانَتْ لَهُ بِنْتَانِ فَصَبَرَ عَلَى لَأْوَائِهِمَا وَنَفَقَتِهِ عَلَيْهِمَا كَانَتْ لَهُ بِنَفَقَتِهِ عَلَيْهِمَا الْجَنَّةُ».
Зуҳрийдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг икки қизи бўлса ва уларнинг машаққатларига ва нафақасига сабр қилса, уларга қилган нафақаси учун унга жаннат бўлади», дедилар.
Шарҳ: Қиз боқиш осон нарса эмас, буни ҳамма яхши билади. Бу ишни амалга ошириш учун сабр-матонат керак, ҳаракат, ғайрат керак, топганини сарфлаш керак. Барибир шу қиз эртами, индинми, бировнинг уйига кетиши, келин бўлиши борлигини ўйлаб, юрак увушиб ҳам туради. Айниқса қизи кўп бўлса, бу ҳолат аниқ билинади. Ана шуларни билиб туриб ва сабр этиб, қизларини яхши тарбия қилган одам ўзи учун охиратнинг катта бир мартабасини касб қилган бўлар экан.
Айни пайтда қизларни нафақа билан таъминлаш ҳам лозим экан. Бу иш учун ҳам сабр-бардош керак бўлади.
Икки қизнинг тарбиясидаги машаққатларга, хусусан, қизларнинг нафақасини таъминлашдаги қийинчиликларга сабр қилиш ота-она учун катта савоб ҳамда жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ҳисобланар экан.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз