Муқаддас ислом дини одоб ахлоқ, меҳр муаббат ва инсонпаварлик дек гузал ғояларни ўз ичига олганлиги cабабли турли замонларда одамлар бу диндан турлича фойдалана бошладилар. Кимдур дунё ва охиратининг манфаати учун фойдаланган бўлса, ислом дини дейилса эшитган одам мумдек эриб қолишини билган ғаразли кишилар ўзининг моддий ё ботил ғоясини амалга ошириш учун ишлатадиган бўлиб қолди. Ушбу ботил ғоя ва ақидаларни сезган улуғ зот ва алломалримиз ўз замоналарида мазкур тоифаларнинг йўлини тўсмоқ учун ўз билим ва маҳоратларини ишга солиб кўп натижаларга эришдилар ва муқаддас ислом динимизни бизгача тоза ва соф етказиб бериш бахтига мушарраф бўлдилар. Шунинг учун биз ҳам бугунги глобал ҳолатини назарда тутмай бефарқ ва лоқайд бўлиб панжа ортидан қараб ўтирадиганлардан бўлсак, келажак авлод ҳаққини поймол қилиб улар олдида жавобгар бўлиб қолишимиз муқаррар бўлади.
Бугун дунёнинг баъзи бир мамлакатларида турли тоифа ва ақидапарастлар ўз ғаразли ғояларини амалга ошириш учун ислом дини ниқоби остида амал қилиб, ўқлари нишонга етмоқ учун ҳадиси шариф ва Қуръони карим оятларини ўз манфаатлари йўлида тафсир қилмоқдалар.
Аввалан билмоқ керакки, Қуръонни гафсир қилиб унга маъно беришга фақат мужтаҳид (тафсир, ҳадис, фиқҳ ва усул илмларни билган киши)ҳақлидирки, бу иш вақтида ўз ифодасин топган. Зеро ҳадисда келганки: «Қуръонни ким ўз фикри билан тафсир қилса жойини жаҳаннамдан таййёрлаб қўйсун». Шунингдек Қуръони каримда шундай оятлар мавжудки, уларнинг маъноларини Парвардигордан бошқа ҳеж ким билмайди деб Қурънда таъкидланган. Шунинг учун бизнинг Ҳанафий мазҳабимиз уламолари шундай оятларнинг маъносини Оллоҳ таолога ҳавола қилиб маъно беришидан ўзларини тиядилар. Бундан ташқари Қуръон ва ҳадисларнинг носих ва мансух(ҳукми бекор қилинган) лари бор бўлиб, муфассир уларни ҳам мукаммал билмоғи лозим бўлади. Мансух оятларга имон келтирилади аммо унга амал қилинмайди.
Йуқорида таъкидлаб ўтганимиздек бугунги янги фирқалар Қуръни карим ва ҳадисларни кўр-кўрони таъвил қилиб тинж ҳаёт кечириб турган жамиятни ҳалокат гирдобига тортмоқдалар. Худованд таборака ва таоло шундай кимсалардан огоҳ бўлмоғимиз учун қўйидаги оятни Қуръонда келтириб марҳамат қилади: (Оят маъноси) «Бу Китода(Қурънда) маъноси аниқ ва равшан оятлар ва ҳам муташобиҳ(тушиниши қийин бўлган) оятлар ҳам ўрин олгандир. Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавои нафсларига мувофиқ тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар,- Ҳолбуки, ундай оятларни таъвилини ёлғиз Оллоҳгина билур…..» деб баён қилинган. ( Оли Имрон 7 оят). Мазкур оят хусусида Пайғамбаримз (алайҳиссалом) бундай деганлар: «Бир қавмнинг Қуръон оятлари устида таъвил қилиши, уларнинг хатога йўл тутишига сабаб бўлади ва улар фитнага йўл тутади сўнгра улар Қуръондан муташобиҳ оятларига эргашадилар. Бу ҳол уларни ҳалокатга олиб бораби».(Қатода ривояти). Бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: «Агар Қурондан муташобиҳ оятларига эргашганларни кўрсангизлар, улардан узоқлашингиз».(Тафсири Абд).
Мазкур оят ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқориб шуни айтиш мумкинки, бугун дунёда ўз қабиҳ амаллари билан хавф солиб турган фирқалардан бири «ИШИД» ( Ироқ ва Шом Ислом давлати) , «Ҳизбут-таҳрир» ва бошқа гуруҳлар мавжудлигидан барча юртдошларимиз огоҳ бўлмоқлари лозим. Зеро Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бир минг тўрт юз йил муқаддам уларнинг сифатларини баён қилиб бундай деганлар: «Қачон қора байроқларни кўрсангиз ерни лозим тутинг. (яъни маконингизда туринг уларга ергашманг) Қўлларингиз ва оёқларингизни қимирлатманг.(уларга моддий ва маънавий ёрдам берманг) Сўнг заиф бир қавм зоҳир бўлур. Улар эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди.(одамларга раҳм қилмайдилар, шафқатсиз азоб берадилар) Улар мол-мулк соҳибларидирлар. Аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари лақабдир. Нисбатлари қишлоқ-шаҳарларигадир. Сочлари аёлларнинг сочларига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар…..».
Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жаҳонда кечаётган мураккаб жараёнлар ёшлар тарбиясига янада жиддийроқ эътибор беришни талаб этмоқда. Хусусан ҳар бир ота- она бўйнидаги масъулиятни ҳис этиб фарзандларининг ҳар нафас ва ҳар бир қадамидан хабардор бўлиб уларнинг юрадиган йўли ҳамда дўсту ҳамсўҳбатлари кимлигини билиб туришлари шарт ва лозим дур. Уруш жанжаллар биздан узоқдаку деб бепарво бўлиш асло мумкин эмас. Гарчи юртимиз Худога шукр тинч-осуда бўлсада бу хатарларни олди олинмаса, унинг тафти етиб келиши мумлмгини унутмаслигимиз даркор. Зеро ҳозирги глобаллшув даврида интернет орқали дунёнинг бир четида туриб, одамларга ўз ғоясини сингдириш мумкин бўлган даврда яшамоқдамиз. Шунинг учун мазкур тоифаларга нисбатан « фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда» деб ёзган эдилар марҳум Юртбошимиз ўз «Юксак маънавият енгилмас куч» асарларида.
Бир муборак ҳадиснинг маъносида бундай дейилган:
« Ким эрта ўйқудан туриб оиласига тинчлик ва аҳли оиласини сиҳҳат ва саломат топса ҳамда фарзандлари учун бир кунлик егули напрсаси бўлса билсинки у энг бой ва бахтли инсондир».
Яна бир ҳадисда: «Менинг уматим икки неъматнинг қадрига вақтида етмайди. Бири тинчлик иккинчиси эса сиҳҳат ва саломатликдир». дейилган. Шунинг учун бугунги тинчлик ва хотиржамлигимизга шукр қилиб, ушбу улуғ неъматни авайлаб асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.
Фазлиддин Кароматуллоҳ
Сариосиё тумани «Хожа Алоуддин Аттор» ж. масжиди имом хатиби
Дил сўзи
Муборак Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Бутун мусулмон олами, ислом уммати ушбу улуғ айёмни чексиз шодлик ва шукроналик билан кутиб олмоқда. Ушбу қутлуғ кунларда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида юртдошларимиз билан бирга ҳаж амалларини адо этяпмиз.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотимиз Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғлиги, ҳар бир фуқаро давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан четда эмаслигининг яна бир ҳаётий ифодаси ўлароқ қалбларимизни олам-олам шодликка тўлдирди, руҳимизни кўтарди, байрам шукуҳини янада бойитди.
Давлатимиз Раҳбари билан суҳбатимиз нақадар самимий кечганига халқимиз оммавий ахборот воситалари, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, гувоҳ бўлдилар.
Президентимиз ҳаж зиёратчиларини Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз муборак ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан ҳаж зиёратига келди. Уларнинг дилидаги қувончни, шукроналикни, Юртбошимиздан миннатдорликни сўз билан таърифлашга тил ожиз.
Президентимиз суҳбатда зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Дарҳақиқат, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтяпти. Қалбида шукроналик ҳисси жўш урган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.
Аллоҳ насиб этса, ҳаж зиёратчилари юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халқимизга, айниқса, ёшларимизга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўладилар.
Бугун ҳар бир юртдошимиз муборак айём барокатидан, файзидан баҳраманд. Куни кеча Қурбон ҳайитини юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонлаш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг Қарори қабул қилинди. Унга кўра муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Президентимиз раҳбарлигида Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимотида айтилганидек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. Бу қанчадан-қанча инсонлар ҳаётига нур, қалбига қувонч олиб киради.
Зеро, ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, “Инсонларнинг энг яхшиси – бошқаларга кўпроқ манфаати тегадиганидир” (Имом Дору Қутний ривояти). Савобли ишлар, тинчлик ва ободлик йўлидаги ҳамжиҳатлигимиз бизни албатта улуғ мақсадларга бошлайди.
Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайити ислом динидаги энг улуғ ва муқаддас байрамлардан бири, мўминлар юрагида хурсандчилик, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, саховат туйғуларини юксак даражада уйғотади.
Президентимиз “Одамлар эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”, деган эди. Ўзбекистон етакчиси ўз фаолиятининг илк даврларида илгари сурган ушбу ғоя замирида ҳам ушбу байрамга хос халқ фаровонлиги, аҳоли ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик каби безавол анъаналар мужассамдир.
Ўтган йилларда ушбу ғоя ва мақсадларни рўёбга чиқариш, адолатли жамият, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар қилинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақоми конституцион даражада мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда шу асосда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, эҳтиёжманд юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлаш, ишсизликни бартараф этиш, ёшлар ва хотин-қизларга замонавий касбларни ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилиняпти. Ушбу хайрли амаллар муборак Қурбон ҳайити моҳиятига мос ҳолда, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, халқимизни бугунги яшаётган кунидан рози қилиш, эркин ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Сирасини айтганда, Қурбон ҳайити –` инсон қалбида меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайдиган улуғ айём. Янги Ўзбекистонда ушбу муқаддас байрамнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби эзгу амаллар билан янада бойиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган хайр-саховат ишлари, ижтимоий ҳимоя чоралари, ҳаж зиёратчиларига яратилаётган имкониятлар халқ ва давлат ўртасидаги меҳр ва ишончни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу хайрли ишлар “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойилнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз қалбида эртанги кунга ишонч, шукроналик ва фахр туйғуларини юксалтирмоқда.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.