Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳар йили мавлид ойи кириши билан мавлид ҳақидаги хилофлар қайта қўзғалади. Ҳар ким ўз далилини келтириб, бошқани танқид қилади ва охир оқибат икки тараф ҳам ўз фикрида қолади. Бундай тортишувдан кимга фойда, биров ўйламайди. Аслида бундай хилофли масалада ҳар ким ўзи қониққан далилга кўра амал қилиб, бошқага тош отмаслиги керак. Биз ҳам юртимиз уламоларининг қадимдан танлаган сўзларини тутиб, ўз шароитимиздан келиб чиққан ҳолда, мавлидни бугунги куннинг руҳида, ҳозиримиз ва келажагимиз учун манфаатли суратда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Унамаганлар ўзлари билади.
Бугунги кунда мусулмон ўртасида турли хил байрамларни кенг миқёсда нишонлаш оммавий урфга айлангани ва бу байрамлар кўпчиликнинг, хусусан ёшларнинг хотирасида, қалбларида чуқур из қолдираётгани сир эмас. Бундай вазиятда мусулмонлар ёш авлодга исломий тушунча ва анъаналарни сингдира билишлари лозим. Фурсатни ғанимат билиб, керакли воситаларни ишга солишлари даркор. Ана шундай муҳим омил ва анъаналардан бири бу – мавлид ойи ва кунини ўзига хос суратда ўтказишдир. Хўш, бугун биз мавлид ойини қандай ўтказишимиз керак? Бу ойдан унумли фойдаланиш учун нималарга эътибор беришмиз даркор? Бунинг учун қуйидагиларни қилиш лозим:
1. Рабиулаввал ойини сийратни ўрганиш мавсими қилиб олиш режасини тузиш ва бунда ҳар ким ўз ҳолати, шароити ва имкониятларидан келиб чиқиб ёндашиши керак.
2. Бирорта сийрат китобини танлаб, бир ойга тақсимлаб, шу ой ичи уни якунлаш. Масалан: «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг 19‑жузи ‒ «Оламларга раҳмат Пайғамбар», «Тарихи Муҳаммадий», «Араҳиқул‑махтум», «Сарвари олам», «Нурул‑яқин», «Нурул‑басар», «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» ва бошқалар.
3. Аҳлу оилага мавлид ойи охир замон Пайғамбари, ҳабибимиз, дунёда етакчимиз, охиратда шафоатчимиз бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ой эканини, у зот шу ойнинг 9 ёки 12 куни душанбасида дунёга келганларини эслатиш.
4. Ушбу ой кириш билан фарзанд‑набираларни дастурхон атрофига йиғиб, уларга бу ойнинг аҳамиятини тушунтириш. Эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам аҳлу оилага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан қисқача суҳбат қилиб бериш. Бунда у зотнинг хулқларини, олийжанобликларини ёритиб бериш керак. Бунинг учун юқорида эслаб ўтилган адабиётлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
5 Болаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон бўлганларини, саҳобалари ичида кичик ёшдаги, ўсмир ёшдаги кишилар кўп бўлганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирини алоҳида севиб, эҳтиром қилганларини мисоллар билан айтиш. Қиз‑жувонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга кўрсатган эҳтиромларидан сўзлаб бериш.
6. Хонадонни оила даврасида шу ойнинг бирор кунини, масалан, 8, 9 ёки 12 куни оилавий мавлид йиғини уюштириш ва ушбу кунни ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш.
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудлари хурсандчилиги, у зотнинг таваллуд кунлари болаларнинг зеҳнида яхшироқ ўрнашиши учун шу кунда болалар учун совғалар ташкил қилиш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ўйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга оширишни унутмаслик керак. Совғаларни уларга топширишда «Бу сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туҳфаларидир, суюнчиларидир», деб таъкидлаш ҳам фойдадан холи эмас.
8. Имкони борлар ушбу ойда мавлид йиғинлари уюштириб, маросимни рисоладагидек ўтказишса, хайрли иш бўлади, иншааллоҳ.
(Ушбу мавзу хусусида «Мавлид ҳақида ўйлар» номли мақолада батафсил сўз юритилган.)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1436 йил рабиъул аввал ойи
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ