Ҳар бир инсоннинг ўз шаъни, обрў-эътибори бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган киши бошқа бировнинг ҳам ҳурматини билиши лозим. Афзал киши шундайки, унинг тили ва қўлидан бошқа мўмин-мусулмонлар озор кўрмайди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” дедилар.
Баъзан эса бўлар-бўлмасга сўкадиган одамларга дуч келамиз. Сўкиниш инсоннинг тарбиясизлигидан, бадхулқ инсон эканлигидан дарак беради. Ислом динида бировни сўкиш қораланади. Ислом шариатида сўкиниш ҳаром бўлган амалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш эса куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Ислом динида гуноҳ ишларни қиладиган киши фосиқ дейилади. Фосиқ киши гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба қилиши лозимдир.
Айрим кишилар бировнинг ота-онасини сўкиш билан ўзларининг ота-оналарини лаънатлайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, сўкинишлик бадхулқлик белгиси ва гуноҳ амалдир. Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ ишдан қайтиб, яхши хулқ эгаси бўлишлик бахтига муяссар айласин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати