Германиянинг Кёльн шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон озиқ-овқат ва ичимликлар ярмаркасида ҳалол маҳсулотлар бозорига йўналтирилган форматда Anuga Halal Market бозори ташкил этилди. Ҳалол бозор ҳам қийинчилик, ҳам янги имкониятни ўзида намоён қилади.
Ҳалол маҳсулотларнинг зарур шаффофлиги ва саноатлашуви Германияда яшовчи беш миллиондан ортиқ ва Европа бўйлаб 50 миллиондан ортиқ мусулмонларнинг хавфсизлиги ва сифат талабларига жавоб берадиган сертификатлашни талаб қилади.
2021 йилнинг 9 октябридан 13 октябрига қадар чакана савдо шохобчаларида бўлиб ўтадиган Anuga Halal Market бозори гўшт ва сут маҳсулотларидан тортиб музлатилган озиқ-овқат, ширинлик ва яхна овқатларгача бўлган ҳалол секторнинг бутун таклифини қамраб олади.
Islam.ru хабарига кўра, махсус кўргазма озиқ-овқат чакана савдоси вакилларига ҳалол маҳсулотларнинг ассортименти билан танишиб чиқиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.