Японияда кам сонли мусулмонлар бўлса-да, бироқ бу ерда машҳур дин Исломдир. Мусулмонларнинг аксарияти мусулмон муҳожирлардир. Бу муҳожирларнинг баъзилари 1980 йилларда мамлакат иқтисодий юксалиш даврида саноат учун ишчи кучи керак бўлган пайтда келган. Бу ҳақда Iqna.ir сайтига асосланиб islom.uz хабар бермоқда.
Ислом ҳали ҳам Японияда озчиликни ташкил қилади ва у ердаги мусулмонларнинг сони ҳозирча номаълум. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг сони 50-70 мингни ташкил қилади, дейилган. Шулардан 90% муҳожир. Япония мусулмонларининг аксарияти Токио ва Кобе шаҳарларида яшайди. Биринчи япон масжиди ҳам Кобеда қурилган.
Сидзуока — Япония ҳукумати қарори билан аниқланган шаҳар бўлиб, Сидзуока префектурасининг маъмурий маркази ҳисобланади. Шаҳарда 690 мингга яқин мусулмонларнинг кичик бир гуруҳи истиқомат қилади.
Сидзуока мусулмонлари ассоциацияси (СМА) - 2010 йилда унинг атрофида яшовчи мусулмонлар томонидан ташкил этилган. Бу уюшманинг мақсади – диний маросимлар, исломшунослик, ифторлик, хайрия тадбирлари, закот ва садақа йиғиш, жума намози ва Қурбон ҳайити ҳамда маърифий тадбирларни ташкил қилиш орқали шаҳар мусулмонларининг ҳаёти ва ижтимоий эҳтиёжларини яхшилашдир.
Уюшма асосчиларининг фикрига кўра, бирлашишнинг мақсади япон халқининг маънавий эҳтиёжи эди. Уюшма сайтида ёзилишича, «2011 йилдаги вайронкор сунамидан кейин Япония оғир ҳолатга тушиб қолган. Афсуски, кўпчилик ҳалигача Ислом йўлига қадам қўймаган. Бу эҳтимол, жамиятда исломнинг кучсизлиги, аксарият японларнинг ислом ҳақида ҳеч қандай тасаввурлари йўқлиги ёки нотўғри тушунганликлари билан боғлиқдир.
Баёнотга қуйидаги сўзлар киритилган: «Япония исломни ўрганишга тайёр деб ҳисоблаймиз ва сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан бу лойиҳа ҳақиқий Ислом таълимотларини намойиш қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади деб умид қиламиз».
Сидзуока мусулмонлари учун улкан лойиҳалар
Уюшманинг асосий мақсадларидан бири шаҳар мусулмонлари учун масжид қурилишига маблағ йиғишдир. Масжид ҳозир Сидзуока масжиди деб номланади. У бир пайтлар қурилган шаҳарнинг исломий маркази ва кундалик ибодат жойига айланиши мумкин бўлган лойиҳадир.
«Мусулмонлар озчилик бўлган мамлакатларда, одамлар исломни танишлари учун ёқимли ва таълимий муҳит яратишда масжидлар муҳим роль ўйнаши керак. Энди Япония Токио Олимпиада ўйинларини ўтказишни бошлаганида, биз японларнинг турли маданиятларидан, шу жумладан исломдан ўрганишга тайёрлигини кўрамиз. Шундай қилиб, ушбу лойиҳани бошлаш вақти жуда яқин», дея хабар берилади уюшма сайтида.
Шаҳарда қуриладиган масжид 400 кишилик сиғимга эга бўлиб, учрашувлар ва тадбирлар учун алоҳида конференция зали бунёд этилади.
Бу лойиҳада Ислом маркази учун ҳам, масжид учун ҳам, ошпазлик дарслари учун ошхона ва болалар ўйин хоналарига жой ажратилган. Шунингдек, японларнинг ҳалол маҳсулотлари учун 3 та дўкон ва туристларга мўлжалланган 15 та хона қуриш режалаштирилган.
Масжиднинг қурилиш қиймати 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва қурилиш муддати тахминан бир ярим йилдан ошади.
Дизайнерлар томонидан ўйлаб топилган, Сидзуока масжиди Япониянинг энг яшил масжидларидан бири ҳисобланади. Масжид дизайнерлари экологик тоза бўлиб, жумладан, қуёш батареялари, шамол турбиналари, қудуқ суви ва маҳаллий қурилиш материалларини яратиш учун Японияда мавжуд бўлган энг яхши имкониятлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.