Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Суннатни инкор этувчи Қуръонийлар тоифаси қуйидаги бузуқ даъволарни илгари сурадилар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръонни етказиш, холос. У зотнинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун итоат фақат Қуръони Каримга вожиб, Пайғамбар алайҳиссаломга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас. Яъни Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш у зотнинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб бўлмас.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ, ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар қобили эътимод эмас, ҳужжат бўлишга ишончли эмас. Саҳиҳ ва ишончли санад билан бирорта ҳадис етиб келмаган.
1 – даъвога раддия
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръони Каримни етказиш билан чекланмайди, балки оятларнинг асл маъноларини тушунтириб бериш, тафсир қилиш, изоҳлаш, тўла ва мукаммал, аниқроғи муфассал равишда англатиш – ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом вазифалари бўлган. Бу вазифалар эса фақатгина ҳадислар орқали адо топади. Биз Аллоҳ таолонинг оятларини тўла, мукаммал ва муфассал тушунишимиз учун ҳадисларга муҳтожмиз.
«(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
«Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар» (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Оятдаги «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, «Ҳикмат»дан мақсад эса ҳадиси шарифлардир.
2 – даъвога раддия
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари фақатгина саҳобаларга эмас, балки бутун уммат учундир. Зеро, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни бутун башариятга пайғамбар этиб жўнатган: «(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).
3 – даъвога раддия
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримни сақлашга ваъда берган. Ҳадислар эса Қуръоннинг тафсири, шарҳи ҳисобланади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадисларнинг ҳам то Қиёматга қадар уммати Муҳаммадга етиб келишини таъминлаган.
Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг
“Ҳадис илмига кириш” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي مُوسَى t قَالَ: صَلَّيْنَا الْمَغْرِبَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، ثُمَّ قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، فَخَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا زِلْتُمْ هَاهُنَا، قُلْنَا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، قَالَ: أَحْسَنْتُمْ أَوْ أَصَبْتُمْ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ وَكَانَ كَثِيرًا مَا يَفْعَلُهُ فَقَالَ: النُّجُومُ أَمَنَةٌ لِلسَّمَاءِ فَإِذَا ذَهَبَتِ النُّجُومُ أُتِيَ السَّمَاءَ مَا تُوعَدُ، وَأَنَا أَمَنَةٌ لِأَصْحَابِي فَإِذَا ذَهَبْتُ أُتِيَ أَصْحَابِي مَا يُوعَدُونَ، وَأَصْحَابِي أَمَنَةٌ لِأُمَّتِي فَإِذَا ذَهَبَتْ أَصْحَابِي أُتِيَ أُمَّتِي مَا يُوعَدُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқидик. Сўнгра «Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик», дедик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:
«Ҳали ҳам шу ердамисизлар?» дедилар.
«Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули. Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик, дедик», деб жавоб бердик.
«Яхши қилибсизлар» ёки «Тўғри қилибсизлар», дедилар у зот. Сўнгра бошларини осмонга кўтардилар. Кўпинча шундай қилар эдилар. Кейин у зот:
«Юлдузлар осмон учун омонликдир. Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларим учун омонликдирман. Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар. Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўладиган суҳбатлардан бирининг мазмуни ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўша пайтдаги Ислом жамиятининг қалби – юраги эканлиги ҳаммага маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари мусулмонларга ўрнак бўлганидек, у зотнинг масжидлари ҳам ўзга масжидларга ўрнакдир. Ислом жамиятида ҳар бир масжид ўз қавмидан ташкил топган кичик жамиятнинг тинимсиз уриб турган юраги бўлиши керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур суҳбатда саҳобаи киромларга ажойиб ўхшатиш ила ўзларининг фазлларини баён қилиб бермоқдалар:
«Юлдузлар осмон учун омонликдир».
Юлдузлар осмонда турсалар, осмон омон бўлади. Улар осмоннинг омонлик ишончларидир.
«Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади».
Осмонга таҳдид қилинган нарса унинг низомининг бузилиши ва қиёмат қоим бўлишидир.
«Мен саҳобаларим учун омонликдирман».
Осмон юлдузлар билан омон турганидек, саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшар эканлар.
«Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади».
Саҳобаи киромларга таҳдид қилинган нарса уларнинг ораларида хилоф ва келишмовчиликлар келиб чиқишидир.
«Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар».
Осмон юдузлар билан, саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшаганларидек, Ислом уммати ҳам саҳобаи киромлар билан тинч яшар эканлар.
«Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир».
Ислом умматига таҳдид қилинган нарса ҳавои нафсга эргашиш ва молу дунёга ўч бўлиш каби нуқсонларга мубтало бўлишдир.
Ушбу ҳадиси шарифдан саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билиб олишимиз керак. Ана шундай улуғ фазл эгалари бўлган зотларни ҳурматлаш ва улардан ўрнак олиш мусулмон умматининг бурчидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди