Ҳар бир фаслнинг ўз таровати, жилоси бор. Қишнинг зийнати, баҳорнинг бетакрорлиги, ёзнинг тантилигию кузнинг баракоти кишига ҳузур бахш этади. Айни пайтда юртимизда олтин куз.
Қадимдан куз пишиқчилик, мўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Ушбу фаслда ризқу рўзимиз ва оқ олтинимиз бўлган пахта териб олинади. Йил бўйи фермер ва деҳқонларнинг тинимсиз меҳнатларидан етилган ҳосилни йиғиштирадиган пайт келди.
“Ҳашар элга ярашар” деганларидек, ҳар биримиз далалардаги ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиш олишда муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак. Нуроний отахон ва онахонлар дуою хайрлари ва саховатпешалар эса беғараз ёрдамлари билан пахтакорларга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Қуръони каримда: «…Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз…» дея марҳамат қилинган (Моида сураси, 48-оят).
Ҳадиси шарифда “Киши дарахт ёки экин экса, Аллоҳ таоло ҳосил мислича унинг номаи аъмолига ажру савоб ёзади”, дейилади (Имом Ахмад ривояти). Шу боис ҳосилни йиғиб олиш мавсумини савоб ишлар фасли дейилиши ҳам бежиз эмас.
Деҳқоннинг баракали касби туфайли халқимиз дастурхони тўкин бўлади. Меҳнатсевар деҳқонларнинг юрт мўл-кўллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилган эзгу ишларини Яратганнинг ўзи юксак мукофотлашини қуйидаги оятда таъкидлаб, бундай дейди: «Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳниннг дийдорини кўриш) бордир» (Юнус сураси, 26-оят).
Жаннатмонанд диёримизнинг меҳнаткаш бободеҳқонлари, миришкор боғбонлари, серғайрат фермерларимиз ва қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар йиғим-терим мавсумига жиддий ҳозирлик кўришди. Улар имон-эътиқод ва ихлос билан Яратгандан ҳосилларга қут-барака сўрамокдалар.
Ҳозир ҳар дақиқани ғанимат билишимиз керак. Ризқу рўзимизни меҳнат орқали талаб қилиш муҳим ишдир. Ҳазрати Одам алайҳиссаллом ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бу касб у зотдан бизга мерос бўлиб қолган. Инсон ўзи оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши йўлида саъй-ҳаракат қилиши ва бу борада машаққат тортиши энг савобли амаллардан биридир.
Пахта – ризқ-рўзимиз. Серқуёш ўлкамизда пахта етиштирилиши ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийимбош, кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган зарур буюмлар ҳам айнан пахтадан ишланади. Ҳатто инсон дунёдан ўтгач, охират сари кузатилар экан, унга ана шу пахтадан бўлган оппоқ мато либос бўлади. Ўзини шу муқаддас Ватанниг фаровонлиги учун дахлдор ва масъул деб биладиган ҳар бир фуқаро пахта ва бошқа ҳосилларнинг йиғим-терими савобли иш эканини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб улушини қўшади. Шу боис барчамиз пахтанинг ҳар бир толасини териб олиш учун уюшқоқлик билан ҳаракат қилишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтганда, пахта тирикликда ризқ, дунёдан ўтганимизда охират либоси бўлади. Ана шундай ҳосиятли экинни заминимизда ундиргани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Аллоҳ таоло пахта хирмонимизга улкан барака ато этсин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом–хатиби
Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.
ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.
Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.
Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.
Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.
Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати