Имом Ибн Аннаҳвий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Бир куни Ибн Атоуллоҳ Искандарийнинг илм мажлисларига келдим. Ўша вақтда у зот ўз замонасининг тасаввуф аҳли орасида ЭНГ катта уламолардан эдилар. У кишига қараб туриб илмларига ҳавасим келди ва ичимда: бу зот қайси мақомда эканлар-а? – деб ўз-ўзимга айтдим. Шу вақт шайх гапдан тўхтаб менга қарадиларда: Эй, Ибн Аннаҳвий! Осий ва гуноҳкорларнинг мақомидаман, дедилар. Бу гапни эшитиб хайратда қолдим ва салом бериб секин кетдим. Ўша кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот бир тепаликнинг устида турибдилар, саҳобалар у кишининг атрофларида, одамлар тўпланган. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қани Тожуддин ибн Атоуллоҳ? - дедилар. Ибн Атоуллоҳ: Мен шу ердаман, деб жавоб бердилар . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: Тур ўрнингдан ва гапир. Аллоҳ таоло сенинг гапингни яхши кўради, дедилар . Ибн Атоуллоҳ Аллоҳнинг муҳаббати ҳақида гапира бошладилар.
Алаҳсиб ўрнимдан турдим ва шу заҳоти Ибн Атоуллоҳнинг ҳузурларига югурдим. Қарасам у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида гапираётган гапларини айтиб турган эканлар. Ўзимга ўзим: Мана бу юксак мақом экан, дедим. Шунда Ибн Атоуллоҳ менга табассум билан боқиб: Эй, Ибн Аннаҳвий! Сенга махфий бўлганлари бундан ҳам буюк, дедилар.
Ҳомиджон домла Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ёлғиз намоз ўқиётган одам масалан, хуфтон намозини жаҳрий қилиб ўқиётган бўлса ва эсидан чиқиб махфий ўқиб юборса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу кишининг намози тўлиқ адо этилган ҳисобланади. Чунки ёлғиз ўқиётган намозхон жаҳрий намозларни хоҳласа жаҳрий ёки махфий ўқиши мумкин. Аммо жаҳрий ўқиши жамоат билан адо этишга ўхшаганлиги учун афзал ҳисобланади. Махфий намозларда эса у ҳам махфий ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз вақтида ўқиладиган намозларда овоз чиқарилмайди, деганлар.
Ёлғиз ҳолатда намозни махфий ўқиётган намозхон эсида йўқ жаҳрийга ўтиб кетиб қолса ёки жаҳрий ўқиётиб махфийга ўтиб кетиб қолса, бу ҳолатда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин қасддан қилса, хатокор ҳисобланади.
Жаҳрий намозларда қироатни жаҳрий ва махфий намозларда махфий қилишнинг вожиблиги жамоатга, яъни имомга тегишли масала ҳисобланади. Шунинг учун имом бу ишларни унутиб тарк этса, саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази