Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Фарзанд кўрганда бажариладиган 6 амал

03.10.2021   5578   2 min.
Фарзанд кўрганда бажариладиган 6 амал

1. Чақалоқ қулоғига азон ва такбир айтиш
Рофеъ розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзанди Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён (Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифаси) зарар етказа олмас”, дедилар.

2. Муносиб исм қўйиш
Набий алайҳиссалом: “Сизлар қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласизлар, шундай экан фарзандларингизга чиройли исм қўйинглар”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирганидир”, деганлар (Абдуллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Абдураҳмон каби).

3. Ақиқа қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бола ўз ақиқасининг эвазига гаровдадир. Еттинчи куни унинг номидан жонлиқ сўйилади ва исм қўйилади ҳамда сочи олинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Агар фарзанд туғилганидан сўнг етти кунда ақиқа қилишга имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Бу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлади.

4. Чақалоқнинг сочини олиш
Ҳазрат Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасанга қўй сўйдилар ва “Эй Фотима уни сочини олгин ва сочини оғирлигича кумуш садақа қилгин”, дедилар.
Кейин мен уни ўлчовдим бир ёки ярим дирҳам (оғирлигича) чиқди” (Имом Термизий ривояти).

5. Чақалоқнинг танглайини кўтариш
Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтади: “Ўғлим туғилганда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот алайҳиссалом ўғлимга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар. Унга барака тилаб дуо қилдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

6. Хатна қилиш
Ўғил болани хатна қилиш суннатдир. Уни кечиктириш макруҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хатна қилиш эркакларга суннат”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Уламолар: "Фарзанд етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади", дейдилар.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

24.08.2026   83095   1 min.
Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.

Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари