Дунёдаги энг улуғ, муқаддас ва фахрли касб эгаси бўлган Устозлар ва мураббийларнинг касб байрами муносабати билан Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида «Сизга таъзим, азиз устозлар» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг байрам табригида: «Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир» – деб таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, устозларнинг ёшларимизнинг қалбига ва онгига она-Ватанга муҳаббат ва содиқлик туйғуларини сингдириш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоялаш, комил инсон этиб тарбиялашдаги фидоий хизматларини барча ота-оналар, кенг жамоатчилигимиз, бутун халқимиз жуда яхши билади ва алоҳида қадрлайди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнг билим юрти мудири Ш. Баҳауддинов «Устозларга эҳтиром – бурчимиз» мавзусида маъруза қилиб берди ва барча ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади.
Тадбирда байрам муносабати билан билим юртининг бир гуруҳ педагог-ўқитувчиларига «Фахрий ёрлиқ» ва совғалар топширилди. Билим юртининг хушовоз талабалари томонидан ижро этилган ажойиб нашидалар, шеърлар ва монологлар иштирокчиларга манзур бўлиб, тадбирга ўзгача завқ бағш этди.
Тадбирдан сўнг муҳтарам устозлар миллий таомлар билан безатилган байрам дастурхонига таклиф қилинди.
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ