Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2025   |   6 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:41
Bismillah
01 Июл, 2025, 6 Муҳаррам, 1447

Сизга таъзим, азиз устозлар

30.09.2021   2366   2 min.
Сизга таъзим, азиз устозлар

Дунёдаги энг улуғ, муқаддас ва фахрли касб эгаси бўлган Устозлар ва мураббийларнинг касб байрами муносабати билан Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида «Сизга таъзим, азиз устозлар» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг байрам табригида: «Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир» – деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, устозларнинг ёшларимизнинг қалбига ва онгига она-Ватанга муҳаббат ва содиқлик туйғуларини сингдириш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоялаш, комил инсон этиб тарбиялашдаги фидоий хизматларини барча ота-оналар, кенг жамоатчилигимиз, бутун халқимиз жуда яхши билади ва алоҳида қадрлайди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнг билим юрти мудири Ш. Баҳауддинов «Устозларга эҳтиром – бурчимиз» мавзусида маъруза қилиб берди ва барча ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади.

Тадбирда байрам муносабати билан билим юртининг бир гуруҳ педагог-ўқитувчиларига «Фахрий ёрлиқ» ва совғалар топширилди. Билим юртининг хушовоз талабалари томонидан ижро этилган ажойиб нашидалар, шеърлар ва монологлар иштирокчиларга манзур бўлиб, тадбирга ўзгача завқ бағш этди.

Тадбирдан сўнг муҳтарам устозлар миллий таомлар билан безатилган байрам дастурхонига таклиф қилинди.

 

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   2373   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ