Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Октябр, 2026   |   19 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:52
Пешин
12:12
Аср
15:39
Шом
17:24
Хуфтон
18:38
Bismillah
30 Октябр, 2026, 19 Жумадул аввал, 1448

Устозга эҳтиром

30.09.2021   4879   5 min.
Устозга эҳтиром

Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:   

“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.

Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.

Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

  Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.

Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.

Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.

  Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

28.09.2026   150200   1 min.
Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Малайзиянинг “MATTA” ва “BUMITRA” сайёҳлик компаниялари раҳбарияти, маҳаллий туроператорлар, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияcининг Куала-Лумпурдаги вакиллари иштирок этди.

Малайзиялик иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Элчихона дипломатларининг таъкидланишича, ҳозирда визасиз режим 94 дан ортиқ давлат, жумладан, Малайзия фуқаролари учун амал қилмоқда.

Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент бўйича дастурлар, зиёрат, тарихий-маданий, қишки, MICE ва гастрономик туризм йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетларини тақдим этди.

“Uzbekistan Airways” вакиллари Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳақида маълумот берди. Қиш мавсумида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар сонини ҳафтасига иккитадан тўрттагача ошириш режалаштирилган.

Иштирокчилар тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилишини таъкидлади.

B2B форматидаги музокаралар чоғида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, Малайзияда зиёрат, қишки ва MICE туризми йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетлари савдосини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари