Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ҳамда илмий ишлар ва фан бўйича маслаҳатчи Соатмурод домла Примов Истанбул шаҳридаги “Дорул-ҳадис ал-Аввомийя” илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида марказ асосчиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳамда раҳбари доктор Муҳйиддин Аввома билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Тошкент ислом институтида ислом илмларини ўқитиш анъаналари, жумладан, алломаларимизнинг мўътабар асарларини хатмул-кутуб услубида ўрганиш амалиёти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари уларнинг мақбараларида хатм қилиниши таъкидланди.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари Ўзбекистонда шахсан Давлат Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг буюк алломаларнинг илмий мероси ва хотирасини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва келажак авлодга етказиш ва уларнинг мақбара ҳамда қадамжоларини обод этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг учрашув чоғида: «Агар дунёда Макка ва Мадина бўлмаганида эди, умримнинг қолган қисмини Ўзбекистонда яшаб, шу юртда вафот этишни орзу қилган бўлардим», дея билдирган самимий фикрлари эса алоҳида эътиборга молик.
Зеро, бу сўзлар юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, исломий илм-фан ва таълимга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда бой илмий-маънавий меросимизни асраб-авайлаш ва ўрганиш борасидаги саъй-ҳаракатларга хориждан туриб берилаётган самимий ва юксак баҳодир.
Учрашувда ислом илмлари соҳасида замонавий илмий ёндашувларни таълим жараёнига татбиқ этиш, илмий-тадқиқотлар сифатини ошириш, ТИИнинг профессор-ўқитувчиларининг марказда малака оширишини йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, онлайн маҳорат дарслари ва илмий суҳбатлар ташкил этиш, қўшма илмий изланишларни амалга ошириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида “Дорул-ҳадис ал-Аввомийя” илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом институти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Тошкент ислом институти Матбуот хизмати