Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим зали марказида VII асрга мансуб қадимий Қуръон қўлёзмаси — Усмон Мусҳафи намойиш этилмоқда. Аммо бу нодир қўлёзманинг бугунги манзилига етиб келгунига қадар босиб ўтган йўли қарийб ўн тўрт асрлик Қуръон китобати тарихи, Самарқанд, Санкт-Петербург, Уфа ва Тошкент билан боғлиқ мураккаб тарихий жараёнларни қамраб олади. Бу тарихни англаш учун аввало Қуръони каримнинг илк бор Мусҳаф шаклида жамланиш жараёнига назар ташлаш, хабар бермоқда iccu.uz.
VII аср: Қуръоннинг Мусҳаф шаклида жамланиши
Қуръони каримнинг Мусҳаф шаклида жамланиши икки муҳим босқичда амалга ошган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Қуръон оятлари саҳобалар томонидан ёд олиниб, ваҳий котиблари томонидан турли ёзув материалларига қайд этилган. Бироқ улар ҳали ягона Мусҳаф ҳолида жамланмаган эди.
Пайғамбар вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида юз берган Ямома жангида кўплаб Қуръон қориларининг шаҳид бўлиши Қуръон матнини бир жойга жамлаш заруратини кучайтирди. Имом Бухорий Зайд ибн Собитдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга Қуръонни жамлашни таклиф қилган. Бу вазифа Зайд ибн Собитга топширилган. Зайд Қуръон оятларини ёзма манбалар ҳамда саҳобаларнинг ёдидаги қироатлар билан солиштириб жамлаган. Натижада Қуръон суҳуф — саҳифалар мажмуаси ҳолига келтирилган. Бу саҳифалар дастлаб Абу Бакрда, кейинчалик Умар ибн Хаттобда, ундан сўнг эса Ҳафса бинти Умар ҳузурида сақланган.
Усмон ибн Аффон даври: расмий Мусҳаф нусхалари
Усмон ибн Аффон халифалиги даврида ислом давлати ҳудуди кенгайиб, турли ўлкалардаги мусулмонлар орасида Қуръон қироатига оид тафовутлар сезила бошлади. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Ҳузайфа ибн Ямон Армания ва манбаларда 'Азарбайжон' деб аталган тарихий ҳудудларга юришларида Шом ва Ироқ аскарлари орасидаги қироат фарқларини кўриб, Усмон ибн Аффонни бундан огоҳлантирган.
Шундан сўнг халифа Ҳафса бинти Умар ҳузуридаги саҳифаларни олиб келишни буюриб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан иборат ҳайъатга расмий Мусҳаф нусхаларини тайёрлашни топширган. Тайёрланган Мусҳафлар мусулмон дунёсининг йирик марказларига юборилган. Шу тариқа Абу Бакр даврида Қуръон бир жойга жамланган бўлса, Усмон ибн Аффон даврида мазкур матн асосида расмий Мусҳаф нусхалари тайёрланиб, мусулмон ўлкаларига тарқатилган.
Мусҳафнинг Марказий Осиёга келиш тарихи
Мусҳафнинг Марказий Осиёга айнан қачон ва қандай йўл билан келгани масаласи ҳануз илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб қолмоқда. Кенг тарқалган маълумотларга кўра, “Усмон Мусҳафи” XIV асрда буюк бобомиз Амир Темур томонидан Ироқдан Самарқандга олиб келинган. Шундан сўнг ушбу нодир қўлёзма узоқ йиллар давомида Самарқанддаги Нодир Девонбеги мадрасасида эъзоз билан сақланган.
1868-йил: Самарқанддан Санкт-Петербургга
Усмон Мусҳафи тарихининг ҳужжатлар билан аниқроқ кузатиладиган даври XIX асрдан бошланади. Мусҳаф 1868-йилда (айрим манбаларда 1869-йилда) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилган ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, кейинчалик эса Салтиков-Шчедрин кутубхонасига топширилган.
1905-йил: Мусҳафнинг факсимиле нусхалари
Санкт-Петербургда Мусҳаф нафақат сақланган, балки илмий ва нашрий жиҳатдан ўрганилган. 1905-йилда унинг 50 дона факсимиле нусхаси тайёрланган. Бу нашр қадимий қўлёзмани бевосита кўриш имконига эга бўлмаган тадқиқотчилар учун унинг матни ва ёзув хусусиятларини ўрганишда муҳим манбага айланган.
1917-йилдан кейин: Мусҳафни қайтариш талаби
Сиёсий ўзгаришлардан сўнг мусулмон жамоатчилиги қадимий Мусҳафни ўз тасарруфига қайтариш масаласини кўтарди. Натижада қўлёзма Санкт-Петербургдан чиқарилиб, дастлаб Уфага олиб борилди. Шундан кейин унинг йўли яна Туркистон томон бурилди.
1924-йил: Тошкентга қайтиш
1924-йилда Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтарилган. Қўлёзма Ўзбекистон давлат тарихи музейида сақлана бошлаган. Шу тариқа Мусҳафнинг қарийб ярим аср давом этган Самарқанд — Санкт-Петербург — Уфа — Тошкент тарихий йўли якунланган.
1989-йил: диний идора тасарруфига топширилиши
Мусҳаф бир неча ўн йил давомида музей фондида сақланди. 1989-йилда Ўзбекистон ҳукумати қарори асосида қўлёзма Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилди. 1989-йил 14-март куни Тошкентда бўлиб ўтган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Мусҳаф мусулмонлар тасарруфига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинги йилларда у Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланди.
1996–2000-йиллар: ЮНЕСКО эътирофи
Усмон Мусҳафининг халқаро миқёсдаги тарихида 1990-йиллар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон қўлёзмани ЮНЕСКОнинг “Memory of the World” — “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритиш учун 1996-йилда тақдим этди. 1997-йилда Усмон Мусҳафи ушбу халқаро реестрга киритилди. 2000-йил 28-августда эса мазкур эътирофни тасдиқловчи махсус сертификат тақдим этилди. Шу тариқа қўлёзма халқаро даражада муҳим ёзма тарихий мерос сифатида эътироф этилди.
2007-йил: махсус сақлаш тизими
Қадимий қўлёзмани замонавий талаблар асосида сақлаш мақсадида 2007-йил 8-июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сон қарори қабул қилинди. Германияда ишлаб чиқарилган махсус ҳимоя қурилмаси олиб келиниб, Мусҳафни муайян ҳарорат ва намлик шароитида сақлаш тизими яратилди. Бу қўлёзманинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш йўлидаги муҳим босқичлардан бири бўлди.
2025-йил 13-ноябр: янги манзил
Усмон Мусҳафи тарихидаги навбатдаги муҳим сана — 2025-йил 13-ноябр. Шу куни қўлёзма Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келиниб, Қуръони карим залидаги махсус ҳимояланган витринага жойлаштирилди. Шу кундан буён қарийб ўн тўрт асрлик тарих билан боғлиқ ушбу нодир ёдгорлик Марказнинг Қуръон залида намойиш этилмоқда.
338 варақдан иборат Мусҳаф
Бугунги кунда ушбу Мусҳаф 338 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир варақнинг ўлчами 53 × 68 сантиметрни ташкил этади. Қуръон матни кийик терисига Ҳижоз хатида битилган. Қўлёзма ёзувида ҳаракат ва нуқталар қўлланмаган, ҳар бир саҳифада эса 12 қатор матн жойлаштирилган. Қуръони каримдаги 114 сурадан 89 таси ушбу Мусҳафда сақланиб қолмаган. Қолган 23 та суранинг айрим қисмлари бизгача етиб келган. Фақат иккита сура — Анъом ва Тоҳа суралари тўлиқ ҳолатда сақланган.
Бугун: 65 метрлик гумбаз остидаги Мусҳаф
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим залига кирган меҳмон аввало унинг кўламини ҳис қилади. Саккиз қиррали залнинг диаметри 45 метр, умумий майдони 1 638 квадрат метрни ташкил этади. Нигоҳ юқорига кўтарилганда 65 метр баландликдаги улкан гумбаз кўринади. Унинг безакларида 1 миллион 600 мингдан ортиқ Сваровсий кристаллари фойдаланилган. Залда замонавий мультимедиа технологиялари асосида махсус Қуръони карим маппинг-шоуси ҳам намойиш этилади. Унда Қуръони каримнинг нозил бўлиш жараёни ёруғлик, тасвир ва овоз уйғунлиги воситасида таъсирчан ва бадиий шаклда гавдалантирилади. Ана шу маҳобатли ва рамзий маконнинг марказида эса VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи жойлашган.
Бир Мусҳаф атрофида 114 Қуръон қўлёзмаси
Қуръон залининг экспозицияси фақат Усмон Мусҳафи билан чекланмайди. Марказий экспонат атрофида жами 114 та Қуръон қўлёзмаси жамланган. Бу сон рамзий жиҳатдан ҳам муҳим: Қуръони карим 114 сурадан иборат. Экспозицияда Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар даврига оид Қуръон нусхаларини кўриш мумкин. Шу тариқа залга ташриф буюрган киши фақат битта қадимий қўлёзмани эмас, балки Марказий Осиёда асрлар давомида шаклланган Қуръон китобати, хаттотлик ва қўлёзмачилик маданиятини бир маконда кўради.
8 та ипак гилам ва 8 та шамс
Қуръон залининг яна бир муҳим бадиий қисми — Қуръон оятлари туширилган йирик ипак гиламлардир. Залнинг 4 равоқ қисмида жами 8 та йирик ипак гилам жойлаштирилган. Уларга Қуръони каримнинг турли сураларидан танланган оятлар битилган. Шу тариқа меъморчилик, хаттотлик, қўлёзма мероси ва замонавий музей технологиялари ягона маконда уйғунлаштирилган. Бундан ташқари, гиламлар устига доира шаклидаги 8 та шамс жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига махсус дуолар битилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати