Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
“Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Аҳли илмлар – зиёлиларни бежизга “анбиёларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Агар инсон вафот қилса, унинг барча амали тўхтайди, фақат уч нарсада тўхтамай номаи аъмолига ёзиб борилади: 1) садақаи жория, яъни кишиларга манфаати етадиган мадраса, кўприк, ариқ кабиларга сарфланган садақа, эҳсон; 2) манфаатли илм, яъни ўргатилган илм ёки ёзиб қолдирилган асар; 3) ота-онасига дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирилиши" (Имом Муслим ривояти). Бундан маълум бўладики, устозлар тарқатган илм уларнинг вафотидан кейин ҳам савоб келтираверади.
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак бўлади. бу эса устозни қалбидаги, онг-шууридаги бор билимини беришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муаллимнинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Муаллим шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади. Устоз шогирдларига бирон нарсани миннат қилмайди, балки уларнинг қалбларига илмни маҳкамлаш орқали Аллоҳга яқин бўлишни ният қилади, тиришқоқ шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантиришни афзал деб билади.
Тарихда устоз ва шогирдликнинг гўзал ибратлари бор. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Худди шунингдек, ўз даврининг икки буюк алломаси Қозизода Румий билан Мирзо Улуғбекнинг устоз-шогирдлик муносабатлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Ўрта асрларнинг улуғ фақиҳи Алоуддин Самарқандийнинг ўзининг иқтидорли шогирди Абу Бакр Косонийга кўрсатган лутф ва марҳамати ҳам барчага ибрат бўларлидир. Абу Бакр устозидан олган илмида шу қадар юксалдики, устозининг кўп жилдли машҳур “Туҳфатул-фуқаҳо” асарига гўзал бир шарҳ ёзиб, уни “Бадоъеус-санои фи тартибуш-шарои” (Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар) дея номлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Устозлик мақоми қанчалик юксак даража эканини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг биргина ҳадис шарифлари орқали билиб олишимиз мумкин. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“إنما بُعِثْتُ مُعَلِّمًا” яъни “мен муаллим – устоз қилиб юборилдим”. Ушбу ривоятдан устозларнинг даражаси энг олий мартаба экани намоён бўлади. Буюк саҳобалардан Али розияллоҳу анҳу устоз ҳақида: “менга бир ҳарф ўргатган кимсанинг қулиман, у хоҳласа мени сотиб юборади, хоҳласа қул қилиб ишлатади”, - деганлар. Навоий бобомиз ҳам устозлар ҳақида ўз байтларида дедилар: “Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила”. Дунёдаги барча мол-у мулкни бир қилиб илм берган устозга ўқитган илми эвазига дейилса, ўргатган илми тугул устознинг таълим жараёнида чеккан заҳматининг ўзига ҳам арзимас ва етарли бўлмас экан. Аллоҳ таоло устознинг этагини тутиб унга эргашиш вожиб амал эканини Ўз оятида баён етиб, шундай марҳамат қилади: “Менга йўналганларнинг йўлига эргаш…” (Луқмон сураси 15-оят). Яъни: Аллоҳ таоло Ўз оятларида менга йўналган, яъни тўғри йўлда юрган ва Расулларнинг ҳақиқий издошлари бўлмиш устозларга эргашиб уларнинг этагини маҳкам тут демоқда. Демак, биз устозга эҳтиром кўрсатсак тўғридан-тўғри энг биринчи муаллим Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳурмат кўрсатган бўламиз. Инсоннинг илмга етиши ва олим бўлишидаги асосий йўл бу – устоздир!. Талаба устозининг камчиликларини излаши ёки уни ёнида бўлганида ҳурмат қилиши уёқда турсин, ҳатто устоз ҳақида ёмон гумонда бўлиш ҳам зарардир. Бунга Имом Раббонийнинг ҳаётидан “Ат-Тасаввуф вас-сулук” асарида келган бир мисолни келтирсак: Талаба устозини, ўзига энг манфаатли зот деб билиши керак. Чунки, ботиний салоҳият ва маърифат мана шу устоз тарафидан ҳосил бўлади. Агар бошқа жиҳатларга эътибор қаратса, устознинг файзу баракасидан маҳрум бўлади. Устоз аллома бўлмаслиги мумкин. Лекин, талаба учун энг фойдали инсондир. Ёш болага ўз онаси бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлади. Шу билан бирга бошқа аёллар ақл ва фазлда ундан афзал бўлиши мумкин. Ана шу каби талаба ҳам ўз устозидан бошқалардан олмаган манфаатни олади. Талаба учун устози ҳақидаги чиройли гумони миқдорича файзу футуҳлар эшиги очилади. Шайх Мужаддид Алфис-Соний раҳимаҳуллоҳ жуда ҳам кам гап эдилар. Бир киши У зотга бир марта: “Бизга насиҳат қилинг манфаат олайлик, эй саййидим!” — деди. Шунда у зот: “Бизнинг сукутимиздан фойда олмаган инсон, суҳбатимиздан асло манфаат олмас” — дедилар. Ҳазрат Мужаддид Алфис-Соний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Биз бир йўлдаги уч биродар талаба едик. Аммо, устозимиз ҳақидаги гумонларимиз турлича эди. Бир шеригим: “Устоз комил зот. Лекин, ўзгани камолотга етказолмайди” — деб ўйларди. Иккинчиси еса: “Устоз комил. Лекин, соҳиби иршод эмас” — деб ўйларди. Мен: “Агар бу умматдан бирор киши учун муваффақият бўлса, у комил шайхдир” — деб ўйлардим, мана шу чиройли гумоним сабаб, Аллоҳ таоло мени Мужаддид Алфис-Соний (Иккинчи минг йилликнинг авлиёси) даражасига танлаб олди!”.
Баъзан устозларимиз бизга қаттиққўллик қилсалар бу аслида ёмон кўриш эмас, балки бу муҳаббатдир. Бу ҳақида Шайхул-машойих Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ат-Тасаввуф вас-сулук” асарида шундай келтирадилар: Устознинг қаттиққўллиги ва койиши сабаб, талаба ранжимасин ва устоз ҳақида ноўрин фикрларга бориб, устозни тарк этмасин. Чунки, устознинг танбеҳлари шогирдни сайқаллаб, жило беради. Боғбон ўз боғидаги дарахтларнинг ортиқча шохларини кесади, натижада униб-ўсиши гўзал, кўриниши чиройли бўлади. Табиб ҳам, беморнинг жароҳатини ёриб, касал теккан аъзони даволаб, сўнг инсон тузалиши учун жароҳатни тикиб қўяди. Ҳудди шу каби устоз ҳам ўз шогирдига меҳр ва раҳмат ила муомала қилади. Гоҳида койиб беради, гоҳ қаттиққўллик қилади. Талаба мақтовга сазовор сифатлар билан безаниши учун. Устознинг ботиний касаллик ила бемор бўлган шогирдни койиши, заҳарга қарши дори кабидир. Чунки, устоз ихлос билан тарбия бериш мақсадида талабаларни койийди.
Хулоса қилиб айтганда, устозларни улуғлаш бевосита Расулуллоҳ алайҳиссаломни икром қилишдир. Бу эса талабанинг илми янада зиёда бўлиши йўлидаги муҳим омил саналади. Устозларнинг койиши эса, руҳимизнинг ислоҳи, униб-улғайишимиз йўлидаги ҳақиқий шифобахш малҳамдир.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Қуръони карим.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири ҳилол”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2008.
3. Имом Бурҳониддин Зарнужий, “Таълим ул-мутаъаллим тариқ ат-таъаллум”, Рамадон, Индонезия. 2009.
4. Муҳаммадбобур Муҳиддинов ва Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо, “Ҳар мўминнинг орзуси”, Мурувватли-дил пресс, 2026.
"Ҳасанхон қори" жоме масжиди
имом-хатиби
Нажмиддин домла Ҳасанов