Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июл, 2025   |   26 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:08
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:25
Bismillah
21 Июл, 2025, 26 Муҳаррам, 1447

 УСТОЗ ким?

30.09.2021   4209   9 min.
 УСТОЗ ким?

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. 

Биринчиси эр учун – аёл, аёл учун – эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби, аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.

Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан.  Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво  илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.

Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир. Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи – Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний кадриятларимиз эса буларнинг   ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга  қаратилган таълим-тарбия»«маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати  ила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жахон цивилизацияси  бешикларидан бири бўлганини халқаро  жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари  беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам  инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни хурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Бизнинг доно халқимиз

«Устоз – отангдек  улуғ»,

 

«Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»,

 

«Уста бўлсанг, устозингни унутма»,

 

«Устозингга тик қарасанг, тўзасан,

Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан»,

деб бежизга айтмаган.

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса,

“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!”  (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР !

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг  ОТА-ОНАСИДИР ! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.   

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар... Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Каломуллоҳ Қуръони каримнинг ояти муборакларига ва Жаноб Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларига биноан «устоз»нинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Миралишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

    Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеъи кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди.

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол 

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола

Устозим  боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ,

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим  гуноҳу азим!

Доно халқимизни ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўхлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

                                                                                           Иброҳимжон ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Одамларни афв этадиганлар...”

16.07.2025   6283   4 min.
“Одамларни афв этадиганлар...”

Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган... (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.

Жория оятнинг давомини ўқиди: ...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир....

У киши деди: “Мен сени афв этдим”.

Жория оятнинг охирини ўқиди: Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.

Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: (Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай! (Жосия сураси, 14-оят).

Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.

Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.

Хизматкор: “Эшитдим”, деди.

Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.

Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.

Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.

Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.

Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.

Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.

Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.

Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:

- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.

Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:

- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.

Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.

Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.

Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.