Ота-оналар қизлари вояга етгач уни турмушга беришда ҳар хил йўлни тутишади. Баъзи бировлар қизларининг розилиги билан уни турмушга берсалар, айрим кишилар эса қиздан изн олишга унчалик ҳам эътибор бермайдилар.
Аслида, қиз болани турмушга беришда унинг изнига қараш керакми?
Ҳа, қиз бола вояга етгач унинг розилигига-изнига қараш керак. Ислом динида қиз болани розилигини, изнини олмасдан, уни мажбурлаб эрга бериш мумкин эмас. Ҳар бир мўмин-мусулмон қизининг розилигини, изнини олиб сўнгра уни турмушга узатади. Вояга етган қиз боланинг розилигини, изнини олиб турмушга бериш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жувон (aввaл турмуш кўрган aёл) ўзи билан маслаҳат қилинмагунча турмушга берилмайди. Бoкирa қизни эса унинг изни-рoзилиги олинмагунча турмушга берилмайди”. Сaҳoбaлaр: “Ё Расулуллоҳ, унинг рoзилиги қaндaй (билинади)?” деб сўрашди. “Сукут сaқлaши (розилигидир)”, дeдилaр (Муттафақун алайҳ).
Албатта, ота-онанинг розилиги ва қиз боланинг изни билан қурилган оила энг бахтли оилалардан бўлади, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло ўғил-қизларимизнинг икки дунёда саодатли бўлишларини насиб этсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг
Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати