Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

01.10.2021 й. Исломда устоз ва уламоларга эҳтиром

28.09.2021   12357   13 min.
01.10.2021 й. Исломда устоз ва уламоларга эҳтиром

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

Исломда Устоз ва уламоларга эҳтиром

Ҳурматли жамоа! Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади. Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِينَ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ

(رواه الامام الترمذى عن أبى أمامة رضي الله عنه)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади”  (Имом Термизий ривоятлари).

Таълим-тарбия иши пайғамбарларнинг вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

إِنَّ اللَّهَ لَمْ يَبْعَثْنِي مُعَنِّتًا وَلَا مُتَعَنِّتًا وَلَكِنْ بَعَثَنِي مُعَلِّمًا مُيَسِّرًا

(رواه الامام مسلم عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Албатта, уларнинг таълим-тарбияси борасида устозлар масъулдирлар. Улар келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятларини ишга солишлари зарур. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилади:

كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ عن ابن عمر رضي الله عنهما

яъни: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз” (Муттафақун алайҳ).

Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзини кўрсатиб, халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Демак, жамиятда муҳим ўрин тутган, машаққатли касб эгаларининг масъулиятлари қанчалик катта бўлса, уларнинг ҳурматларини сақлаш ҳам халққа шунчалик бурч бўлади.

Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир.

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар.  

Уламо ва устоз мураббийларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро улар ўтган улуғ зотлар ва олимларнинг меросхўрларидир. Ўтган олимлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Илмнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобаи киромлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?”. “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом”.

Илм аҳлини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг мадҳ этиб, шундай  марҳамат қилган:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

 (سورة المجادلة/11)

яъни: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” деган бўлса, “Зумар” сурасида шундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Мужодала сураси 11-оят).

Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.

Аллома ибн Нажжорнинг “Тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили экани айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим Ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.

Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, устозлар ва илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насиҳатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.

Ҳурматли жамоат! Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида ўзгартиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

الكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالَّةُ الْمُؤْمِنِ فَحَيْثُ وَجَدَهَا فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا

(رواه الامام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ривоятлари). 

Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун худди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ ... 

  (سورة الرّعد/11)

яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:

الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كالنَّقشِ فِي الْحَجَرِ

яъни: Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.

Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.

Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ота-она фарзандига биринчи устоз ҳисобланади. Бу устозлик фарзанд хоҳ боғчада, хоҳ мактабда ё хоҳ олийгоҳларда таълим олаётган бўлса ҳам давом этиши керак. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, қачон мактабдаги фарзандимизнинг ўқишлари, кундаликларидаги баҳолари, дарсликларининг аҳволи билан қизиқиб кўрдик. Қачон олийгоҳда ўқиётган фарзандимизнинг дарсга қатнаши, мутахассислигини ўзлаштириши, диплом ишлари билан шуғулландик. Агар фарзандларимизга ҳушёр ва эътиборли бўлсак, ҳозирги кунда қулоққа чалиниб турган пичоқбозлик, муштумзўрлик, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, турли адашган оқимларга эргашиш анча барҳам топган бўлар эди.

Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ.

Азизлар! Хабарингиз бор, юртимизда муқаддас динимиз ва уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ушбу марказда бир қанча хайрли лойиҳа ва ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, марказда юртдошларимиз фойдаланишлари учун катта кутубхона ҳам барпо қилинмоқда. Ушбу кутубхонада барча ноёб манбалар ва аждодларимиз томонидан ёзилган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарлар жамланиши режалаштирилган. Айни пайтда юртдошларимиз томонидан уйларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарларни ушбу марказга олиб келиб, сотиш ёки ҳадя қилиш жараёни давом этмоқда. Афсуски, баъзи юртдошларимиз қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш қонун-қоидаларига риоя қилмасдан уларни уйда сақлаб, шикаст етказиб, натижада қўлёзма ва тошбосма асарларнинг муқоваси ва варақлари чириб, ачинарли ҳолатларга келиб қолганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун кимда мана шундай аждодларимиздан мерос қолган қўлёзма ва тошбосма асарлар бўлса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олиб келиб, сотишлари ёки ҳадя қилишлари мумкин. Марказда ушбу аждодларимизнинг мерослари талаб даражасида сақланади ва келажакда улардан кўплаб китобхонлар фойдаланади. Натижада, ушбу садақаи жория ва савобли ишга бизни ҳам ҳиссамиз қўшилган бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам соғлик, ғайрат-шижоат бериб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гуноҳи кабира қилганнинг имони

17.09.2026   7033   16 min.
Гуноҳи кабира қилганнинг имони

Мусулмон киши катта-ю кичик гуноҳлар қилишдан холи эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси тавба қилувчиларидир”, деганлар. Одам ҳаёти давомида ҳар турли гуноҳ қилиб қўйиши мумкин. Шунда тезда тавба қилиб, чин дилдан Аллоҳга ёлворса, гуноҳи кечирилади.


Ҳозирги кунда энг долзарб бўлган муаммолардан бири шуки, айрим тоифалар гуноҳ қилган мўмин-мусулмон кишини кофирга чиқариб, унинг қони, жони ва моли(га тажовуз)ни ҳалол санамоқда. Ҳатто давлатларни куфрда айбламоқда. Ачинарлиси шундаки, бундайлар орасида “жиҳод” шиори остида ўзга юртларга кетиб, мамлакатимиз мусулмонларини куфрда айблаётган ҳамюртларимиз ҳам бор. Бундай тоифалар бугун чиқиб қолгани йўқ. Тарихда мусулмонлар орасига тафриқа (бўлиниш) солиб, уларни кофирликда айблаган тоифалар кўп бўлган. Масалан, хаворижлар шулардан бири ҳисобланади. Улар Али розияллоҳу анҳунинг қўшинидан ажраб чиқиб, шундай ном олган. Бу тоифа гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирликда, муртадликда айблайди. Ҳозирги бузғунчилар айнан ўша хаворижларнинг давомчиларидир.


Қуйида гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди қандай экани ва адашган тоифаларга берган раддиялари борасида сўз юритилади.


Гуноҳи кабирани ҳалол санамай, ундан қайтарган Зотга беписанд бўлмай, уни қасддан қилган киши қалбида тасдиқ борлиги учун имондан чиқмайди. Имондан фақатгина унга кирган томондан чиқади. Гуноҳкор киши тавбасиз вафот этса, унинг ҳукми Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасида бўлади. Хоҳласа, уни кечиради ва фазли, карами ёки ундаги имон ва тоатларнинг баракаси сабабли ёки баъзи ахёрларнинг (дўст-биродар) шафоати сабабли жаннатга киритади. Хоҳласа, кичик ё катта бўлсин, гуноҳи миқдорича азоблайди. Сўнгра барибир охир-оқибати жаннат бўлади, дўзахда абадий қолмайди.


Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен кичик ва катта гуноҳ эгалари учун умидда бўламан ва иккисидан ҳам хавфсирайман. Кичик гуноҳ эгасига умид борлигини, катта гуноҳ эгасига эса хавф борлигини айтаман”[1], дер эди.


Гуноҳи кабира эгаси лаънатланмайди. Чунки имони у билан бирга бўлиб, у камаймагандир. Ким гуноҳи кабира учун тавба қилса, бошқа катта гуноҳдан қатъий тийилиши билан тавбаси тўғри бўлади. У тавба сабабли иқоб қилинмайди (азобланмайди). Шунингдек, гуноҳи кабира учун тавба қилиши билан гуноҳи сағираларнинг (кичик гуноҳлар) тавбасидан беҳожат бўлмайди. У гуноҳи сағира учун ҳам тавба қилиши керак. Аҳли сунна наздида гуноҳи сағиралар сабабли иқоб қилиниши жоиз саналади.


Шу ўринда хавориж, мўътазила, муржиъа каби адашган фирқаларнинг даъволари ва уларга аҳли суннанинг жавоблари қандай эканига тўхталсак. Бу ҳозирги бузғунчиларга ҳам тегишли бўлади. Чунки уларнинг илдизлари айнан хавориж ва мўътазила каби фирқаларга бориб тақалади.


Хаворижлар: “Ким кичик ёки катта гуноҳ билан исён қилса, у кофирдир. У дўзахда абадий қолади. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегараларидан ошиб ўтса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритади”[2], деган. Гуноҳларнинг барчаси исёнга бориб тақалади. Аллоҳ таоло: ﴿وَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ “Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”[3], деган. Дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилган бўлгач, гуноҳ сабабли ваид қилинган (азоб ваъдаси берилган) ҳар бир киши кофирдир. Бу икки оятнинг жамланишидан осийнинг кофир экани, унинг ҳукми эса дўзахда абадий қолиш экани собит бўлди”, деган.


Бу даъво нотўғри. Чунки оятлар гуноҳкор кишининг кофир эмаслигига далолат бўлади. Аллоҳ таоло: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى “Эй имон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди”[4] дейди. Яъни, У Зот қасддан одам ўлдирганнинг гуноҳи кабира қилганини била туриб, уни “мўмин” деб атади. Оятнинг давомида ﴿فَمَنْ عُفِيَ لَهُ مِنْ أَخِيهِ شَيْءٌ “Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса”[5] деб, ўлдирган ва ўлдирилган кишилар ўзаро биродар эканини зикр қиляпти. Биродарлик эса, “Албатта, мўминлар биродардирлар”[6] каломига кўра, имонга оид ҳодисадир. Демак, бир жонни қасддан ўлдирган киши гуноҳкор бўлади, лекин кофир бўлмайди.


Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: ﴿وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا “Агар мўминлардан икки тоифа уришса”[7], деган. Оятда икки тоифадан бири боғий (исёнкор) бўла туриб, иккиси учун ҳам “мўмин” сўзи қўлланган. Боғийлик эса исломда оғир гуноҳ саналади. Демак, у гуноҳкор бўлади, лекин имондан чиқмайди.


Хаворижлар далил сифатида келтирган ﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегараларидан ошиб ўтса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритади”[8] ояти кофирлар ҳақидадир. Чунки У Зот: “Унинг чегараларидан ошиб ўтса”, деяпти. “Чегаралар” сўзи кўпликда келган. Мўмин Аллоҳнинг барча чегараларидан ошиб ўтмайди. Исён эса инкор қилиш ёки такзиб (ёлғонга чиқариш) жиҳатдан эмас, феъл жиҳатдан амрга қарама-қарши бўлишдир. Ўз-ўзидан аёнки, буни “такзиб” ё “инкор” деб бўлмайди. Чунки унда тасдиқ бор. Модомики шундай экан, у заруратан мўмин ҳисобланади.


Мўътазила фирқаси: “Гуноҳи кабира қилган киши фосиқдир, мўмин ҳам, кофир ҳам эмас. У ўша гуноҳи сабабли имондан чиқади, лекин куфрга кирмайди. У икки манзил орасида бўлади. Ҳукми шуки, тавбасиз вафот этса, дўзахда абадий қолади. Тоатлари фойда бермайди. Унинг афв ва мағфират қилиниши жоиз бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَأَمَّا الَّذِينَ فَسَقُوا فَمَأْوَاهُمُ النَّارُ “Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир”[9] ва ﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур”[10], дейди”, деган.


“Фисқ” луғатда чиқмоқдир. Ким Аллоҳнинг амрларидан бирига бўйсунишдан чиқса, у фосиқ бўлади.


Мўътазилийлар келтирган оятда мутлақ фосиқ назарда тутилган. У бундай давом этади: ﴿وَقِيلَ لَهُمْ ذُوقُوا عَذَابَ النَّارِ الَّذِي كُنْتُمْ بِهِ تُكَذِّبُونَ “У (фосиқ)ларга: “Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг” дейилур”[11]. Ким дўзахни ёлғонга чиқарса, кофир ҳисобланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: ﴿أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًا كَمَنْ كَانَ فَاسِقًا لَا يَسْتَوُونَ “Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўлурми?! Тенг бўлмаслар”[12] деб, мутлақ фосиқни мўмин билан таққослаган. Мутлақ фосиқ кофирдир. Мўмин киши мутлақ фосиқ эмас, балки маъсият (гуноҳ) қилгани сабабли фосиқ бўлади, лекин имони ва тоатлари сабабли итоат қилувчи ҳисобланади.


Қасддан одам ўлдирган кишига нассда (аниқ, очиқ ҳужжатлар – оят ва ҳадисларда) келган дўзахда абадий қолиш жазоси – ўша ишини ҳалол санаб қилгани учундир. Ўша ишни ҳалол санаш кофирлик бўлади. Аммо ким бу ишни ҳалол санамай қилса, унинг ҳукми Аллоҳ таолонинг ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى “Эй имон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди”[13] деган сўзларига мувофиқ бўлади. Яъни, ўлдирган киши бу ишни ҳалол санамай қилгани учун кофир саналмайди. У гуноҳи кабира қилган бўлади. Абадий дўзахда қолмайди. Ундан қасос олинади. Ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўлдирилганнинг яқинлари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун олса ҳам бўлади. Бунда хунни яхшилик билан сўраш лозим, айбдор томон ҳам яхшилик билан адо этиши зарур.


Юқорида мўътазилаларнинг “Гуноҳи кабира қилган киши тавбасиз вафот этса, дўзахда абадий қолади. Тоатлари фойда бермайди. Унинг афв ва мағфират қилиниши жоиз бўлмайди” деган сўзлари ҳам келтирилди. Бу даъво ҳам мутлақо нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَإِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغْفِرَةٍ لِلنَّاسِ عَلَى ظُلْمِهِمْ “Албатта, Раббингиз одамларнинг зулмига қарамай, улар учун мағфиратлидир”[14], деган. Бу тавбадан олдин ҳам мағфиратнинг жоизлигига далил бўлади. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиради”[15], деган. Оятда зикр қилинган мағфират машиъатга (Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига) боғланган, тавбага эмас. Ширкдан бошқа гуноҳни кечириш тавбага боғланганда, ширк ва ундан бошқа гуноҳ орасида фарқ қолмасди. У Зот хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини Ўз фазли билан кечириб юбориши мумкин. Чунки ﴿وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ “Ундан (яъни ширкдан) бошқа гуноҳни кечиради” деган сўзлари ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз ҳам кечиришини ифодалайди.


Аллоҳ таоло афвли ва мағфиратли Зотдир. Афв ва мағфират азоблаш жоиз бўлган нарсага татбиқ этилади. Азоблаш жоиз бўлмаган нарсада азоблашни тарк қилиш афв ва мағфират эмас.


Муржиъалар: “Куфр билан бирга тоат фойда бермагани каби имон билан бирга гуноҳ ҳам зарар бермайди. Мусулмон киши гуноҳи кабиралардан бирортаси сабабли иқоб қилинмайди. Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّا قَدْ أُوحِيَ إِلَيْنَا أَنَّ الْعَذَابَ عَلَى مَنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّى “Албатта, бизга ваҳий қилиндики, “Ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга, шубҳасиз, азоб бўлур”[16], деган. Бу “ким Аллоҳ таолони ёлғонга чиқармаса, Унинг динидан юз ўгирмаса, у азобланмайди”, деган гап”, дейди.


Уларнинг даъвоси нотўғри экани кўриниб турибди. Инсон заррача гуноҳи учун ҳам жавоб бериши оятларда аниқ баён этилган (масалан, Залзала сурасининг охирги ояти). Аллоҳ таоло: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ “Эй имон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилингиз! Шояд Раббингиз гуноҳларингизни ювса”[17] ва ﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا “Аллоҳга барчангиз тавба қилингиз”[18], деб буюрган. Гуноҳи бўлмаган кишига тавбани буюриб бўлмайди. Гуноҳ инсон учун зарар бўлмаганда, тавбага амр қилишда мантиқ қолмасди.


Умумий қилиб айтадиган бўлсак, гуноҳи кабира қилган киши имондан чиқмайди. У гуноҳкор мўмин бўлади. Чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло кечиради. Тавба қилмасдан вафот этса, кейинги тақдири Аллоҳ таолонинг измида бўлади. Хоҳласа, фазл-марҳамати билан кечиради. Хоҳласа, адолати билан гуноҳига яраша азоблайди. У охир-оқибат жаннатга киради. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, жаннатга киради”, деганлар.


Кўплаб оятларда солиҳ амаллар қилган киши жаннатга кириши айтилган. Хусусан, Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَانَتْ لَهُمْ جَنَّاتُ الْفِرْدَوْسِ نُزُلًا خَالِدِينَ فِيهَا “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар”[19] деб марҳамат қилган. Гуноҳи кабира эгаси эса мўминдир. У солиҳ амаллар қилган. У ваъда қилинган жаннатга киришга ҳақли ҳисобланади.


Ақл юритадиган бўлсак, банда тоатларнинг энг афзали ва яхшиликларнинг олий даражаси бўлган имонни келтирди. У қилган ёмонлик инкорнинг олий даражаси бўлмиш куфрга етиб бормади. У дўзахда абадий қолганда ва энг афзал яхшилиги бўлган имоннинг савобини ва ёмонликнинг юқори даражасидан паст бўлган гуноҳи кабирани қилиши билан ўзи келтирган солиҳ амалларининг савобини ботил қилганда, албатта, ёмонликларнинг иқоби кўпайтирилган ва яхшиликларнинг савоби камайтирилган бўларди. Бу эса яхшиликка ўн баробар (ундан ҳам ортиқ) мукофот ва ёмонликка ўз мислича жазо бериш ҳақидаги илоҳий ваъдага хилоф келарди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ваъдага хилоф қилмайди.


Равшан ЭЛМУРОДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими

 

 


[1] Абул Муин Насафий. Табсиратул адилла фий усулид дин. – Ж.1. – Қоҳира: Ал-мактабатул Азҳарийя лит турос, 2011. – Б.1037.

[2] Нисо сураси, 14-оят.

[3] Оли Имрон сураси, 131-оят.

[4] Бақара сураси, 178-оят.

[5] Бақара сураси, 178-оят.

[6] Ҳужурот сураси, 10-оят.

[7] Ҳужурот сураси, 9-оят.

[8] Нисо сураси, 14-оят.

[9] Сажда сураси, 20-оят.

[10] Нисо сураси, 93-оят.

[11] Сажда сураси, 20-оят.

[12] Сажда сураси, 18-оят.

[13] Бақара сураси, 178-оят.

[14] Раъд сураси, 6-оят.

[15] Нисо сураси, 48, 116-оятлар.

[16] Тоҳа сураси, 48-оят.

[17] Таҳрим сураси, 8-оят.

[18] Нур сураси, 31-оят.

[19] Каҳф сураси, 107-108-оятлар.

Ибратли ҳикоялар