Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳар бири қадрли ва фазилатлидир. Аввало ҳар бир мўмин энг қадрли бўлган неъмат – иймон ва илм неъматидир. Бу икки неъмат мужассам бўлган тақдирда руёбга чиқадиган энг улуғ неъмат – Аллоҳга қулликни изҳор қилишга сабаб бўладиган ибодатдир. Шунингдек кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ каби неъматларни санасак, ҳаргиз саноғига етиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят)
Ана шундай неъматлардан бири, бу фарзанд неъматидир. Бу неъматнинг улуғлигини, уни Аллоҳ таолодан бошқа зот бера олмаслигини тўлиқ англаб етиш учун бефарзандларнинг ҳолига назар солиш керак. Ана шунда инсон фарзанд неъмати қанчалик улуғ неъмат эканини тушунади. Демак, ҳар бир ота-она уларга фарзандни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай зот бера олмаслигини чуқур ҳис қилишлари зарур. Ҳар бир боланинг соғ-саломат туғилиши бутун инсоният учун Аллоҳнинг тенгсиз лутфу карами, инъоми ва марҳамати эканини англаб етиш учун Қуръони каримга бир назар солишнинг ўзи етарли.
Аллоҳ таоло “Шўро” сурасида бундай марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. (У зот) хоҳлаган нарсасини яратур. (У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир”(49-50 оятлар).
Дарҳақиқат, “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир”. Тафаккур қилинса бизни қуршаб турган борлиқ осмонлар, ер, қуёш, ой, юлдузлар, махлуқотлар ва ўсимликларни Аллоҳ таоло яратган. Демак, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Мулкнинг эгаси Аллоҳ бўлгани учун “( У зот) хоҳлаган нарсасини яратур”. Йўқдан пайдо қилиш, яратиш сифати Аллоҳга оиддир. Ўғил ёки қизни ҳам Аллоҳ яратади. Бу яратишга ҳеч ким аралаша олмайди.
“(У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Аллоҳ “хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат қизлардан иборат бўлади. Ўғил фарзанд кўриш мақсадида диний ва дунёвий сабабларни қилишади. Агар қандай фарзанд кўриш иродаси инсонга тегишли бўлса, ўзи хоҳлаган вақтда, хоҳлаган фарзандга эга бўлар эди.
Демак, ўғил ёки қиз бўлиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. Инсон бу масалада ожиз. Шунингдек, “ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат ўғиллардан иборат бўлади. Қиз фарзандга муҳтож бўлади. Инсоннинг қиз фарзандга эга бўлишида ҳам ўзида ихтиёр йўқ, бу ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. “Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур”. Ўғил ва қиздан иборат оилалар одатда жамиятда кўп учрайди. Аралаш фарзанд кўриш ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир.
“Ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур”. Эр ва хотин фарзанд кўриш борасида ожизлиги ва улар бир сабаб эканлигини инсонларга билдириш мақсадида Аллоҳ таоло айрим оилаларни туғмас қилиб қўяди. Фарзандга зор бўлиб мутахассисларга кўриниб юришади, лекин инсоннинг фарзанд кўриши Аллоҳнинг иродасига боғлиқлиги учун фарзанд неъматидан бебаҳра бўлиб ўтиб кетишади. “Албатта, У Аълийм ва Қодийрдир”.
Яъни, Аллоҳ ҳамма ишни билиб қилади. Ҳоҳлаган бандасига қиз, хоҳлаган бандасига ўғил ва хоҳлаган бандасини туғмас қилиб қўяди. Бу ишлар Аллоҳга осондир, чунки У зот барча ишга қодирдир.
Фарзанд туғилиши кўп такрорлангани сабабли, инсонлар орасида эр-хотинлик муносабатидан кейин фарзанд туғилади деган нотўғри тушунча мавжуд. Ҳомиланинг пайдо бўлиши, унинг ривожланиб бориши ва онадан соғ-омон туғилиши бу – Аллоҳнинг иродаси ва инсониятга қилган лутфи-карамидир. Ҳомиланинг ривожланиши ва соғлом туғилиши инсонга боғлиқ эмаслигин эслатиш мақсадида Аллоҳ инсондан озгина марҳаматини буриб қўйса, ҳомила икки, ёки уч ойлигида нобуд бўлиши мумкин.
Ҳомила тўққиз ойлик бўлганидан кейин ҳам эсон-омон туғилишига ҳеч ким кафолат бермайди. Аллоҳ марҳаматини ҳомиладан буриб қўйса, ҳомила туғилиш вақтида вафот этиши мумкин. Айрим ҳолларда туғруқ ҳолатида аёллар вафот этади. Гоҳида туғруқ вақтида Аллоҳ марҳамат қилмаса аёл ҳам, бола ҳам вафот этиши мумкин. Демак, ҳомиланинг ривожланиши, боланинг соғлом ҳолатда дунёга келиши Аллоҳнинг бандасига қилган лутфу-карами ва марҳамати туфайлидир.
Аллоҳ таоло кимга фарзанд неъматини берса, банда ўша неъматга шукр қилиши керак. Шукр қилиш уч хил бўлади:
И. Валиев,
“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.