Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Март, 2026   |   1 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:35
Аср
16:47
Шом
18:40
Хуфтон
19:52
Bismillah
21 Март, 2026, 1 Шаввол, 1447

Фарзанд – Аллоҳнинг неъмати

28.09.2021   2397   6 min.
Фарзанд – Аллоҳнинг неъмати

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳар бири қадрли ва фазилатлидир. Аввало ҳар бир мўмин энг қадрли бўлган неъмат – иймон ва илм неъматидир. Бу икки неъмат мужассам бўлган тақдирда руёбга чиқадиган энг улуғ неъмат – Аллоҳга қулликни изҳор қилишга сабаб бўладиган ибодатдир. Шунингдек кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ каби неъматларни санасак, ҳаргиз саноғига етиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят)

Ана шундай неъматлардан бири, бу фарзанд неъматидир. Бу неъматнинг улуғлигини, уни Аллоҳ таолодан бошқа зот бера олмаслигини тўлиқ англаб етиш учун бефарзандларнинг ҳолига назар солиш керак. Ана шунда инсон фарзанд неъмати қанчалик улуғ неъмат эканини тушунади. Демак, ҳар бир ота-она уларга фарзандни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай зот бера олмаслигини чуқур ҳис қилишлари зарур. Ҳар бир боланинг соғ-саломат туғилиши  бутун инсоният учун Аллоҳнинг тенгсиз лутфу карами, инъоми ва марҳамати эканини англаб етиш учун Қуръони каримга бир назар солишнинг ўзи етарли.

Аллоҳ таоло “Шўро” сурасида бундай марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. (У зот) хоҳлаган нарсасини яратур. (У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир”(49-50 оятлар).

Дарҳақиқат, “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир”. Тафаккур қилинса бизни қуршаб турган борлиқ осмонлар, ер, қуёш, ой, юлдузлар, махлуқотлар ва ўсимликларни Аллоҳ таоло яратган. Демак, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Мулкнинг эгаси Аллоҳ бўлгани учун “( У зот) хоҳлаган нарсасини яратур”. Йўқдан пайдо қилиш, яратиш сифати Аллоҳга оиддир. Ўғил ёки қизни ҳам Аллоҳ яратади. Бу яратишга ҳеч ким аралаша олмайди.    

 “(У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Аллоҳ “хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат қизлардан иборат бўлади. Ўғил фарзанд кўриш мақсадида диний ва дунёвий сабабларни қилишади. Агар қандай фарзанд кўриш иродаси инсонга тегишли бўлса, ўзи хоҳлаган вақтда, хоҳлаган фарзандга эга бўлар эди.

Демак, ўғил ёки қиз бўлиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. Инсон бу масалада ожиз. Шунингдек, “ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Айрим оилалар фақат ўғиллардан иборат бўлади. Қиз фарзандга муҳтож бўлади. Инсоннинг қиз фарзандга эга бўлишида ҳам ўзида ихтиёр йўқ, бу ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан. “Ёки уларни жуфтлаб - ўғил-қиз қилиб берур”. Ўғил ва қиздан иборат оилалар одатда жамиятда кўп учрайди. Аралаш фарзанд кўриш ҳам Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир.

“Ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур”. Эр ва хотин фарзанд кўриш борасида ожизлиги ва улар бир сабаб эканлигини инсонларга билдириш мақсадида Аллоҳ таоло айрим оилаларни туғмас қилиб қўяди. Фарзандга зор бўлиб мутахассисларга кўриниб юришади, лекин инсоннинг фарзанд кўриши Аллоҳнинг иродасига боғлиқлиги учун фарзанд неъматидан бебаҳра бўлиб ўтиб кетишади. “Албатта, У Аълийм ва Қодийрдир”.

Яъни, Аллоҳ ҳамма ишни билиб қилади. Ҳоҳлаган бандасига қиз, хоҳлаган бандасига ўғил ва хоҳлаган бандасини туғмас қилиб қўяди. Бу ишлар Аллоҳга осондир, чунки У зот барча ишга қодирдир.

Фарзанд туғилиши кўп такрорлангани сабабли, инсонлар орасида эр-хотинлик муносабатидан кейин фарзанд туғилади деган нотўғри тушунча мавжуд. Ҳомиланинг пайдо бўлиши, унинг ривожланиб бориши ва онадан соғ-омон туғилиши бу – Аллоҳнинг иродаси ва инсониятга қилган лутфи-карамидир. Ҳомиланинг ривожланиши ва соғлом туғилиши инсонга боғлиқ эмаслигин эслатиш мақсадида Аллоҳ инсондан озгина марҳаматини буриб қўйса, ҳомила икки, ёки уч ойлигида нобуд бўлиши мумкин.

Ҳомила тўққиз ойлик бўлганидан кейин ҳам эсон-омон туғилишига ҳеч ким кафолат бермайди. Аллоҳ марҳаматини ҳомиладан буриб қўйса, ҳомила туғилиш вақтида вафот этиши мумкин. Айрим ҳолларда туғруқ ҳолатида аёллар вафот этади. Гоҳида туғруқ вақтида Аллоҳ марҳамат қилмаса аёл ҳам, бола ҳам вафот этиши мумкин. Демак, ҳомиланинг ривожланиши, боланинг соғлом ҳолатда дунёга келиши Аллоҳнинг бандасига қилган лутфу-карами ва марҳамати туфайлидир.

Аллоҳ таоло кимга фарзанд неъматини берса, банда ўша неъматга шукр қилиши керак. Шукр қилиш уч хил бўлади:

  1. Қалб билан шукр қилиш – ҳар бир неъматни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бера олмаслигини инсон қалбдан ҳис қилиши лозим. Фарзанд неъматини берганлиги учун Аллоҳга қалби билан шукр қилиши керак.
  2. Тил билан шукр қилиш – инсон ўзига етган неъматга қалби билан шукр қилса, бу шукр кейинчалик тилига ўтади. Яъни, фарзандни берган Аллоҳ таолога ҳамд ва мақтов сўзларни айтади.
  3. Амалий шукр – неъматни неъмат берувчини рози қиладиган қилиб тасарруф қилишга қилишга амалий шукр дейилади. Аллоҳ таоло бир кишига фарзанд берса, унга неъмат берибди. Банда Аллоҳ таолони рози қилмоқчи бўлса, фарзандни Аллоҳни танийдиган, Унинг буйруқларини бажарадиган, қайтариқларидан қайтадиган, чин мусулмон қилиб тарбиялаши шарт бўлади. Демак, инсон фарзандини эътиқодли, тарбияли, инсонлар, жамият ва ватанининг манфаатига хизмат қиладиган инсон қилиб вояга етказса, Аллоҳнинг неъматига шукр қилган бўлади.

 

И. Валиев,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Уйғониш ва янгиланиш айёми

19.03.2026   8361   4 min.
Уйғониш ва янгиланиш айёми

Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.

Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.

Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.

Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.

Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.

Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.

Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.

Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.

Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.

Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.

 

Абдулғафур домла Раззоқов,

Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар