Динимиз Исломда сабрга тарғиб қилинган экан, сабрли бўлиш, ушбу мақталган сифат соҳибига айланиш йўл-йўриқлари ҳам кўрсатилган. Зеро Аллоҳ бир дардни туширса, унинг давосини ҳам нозил қилади. У Зот бандаларни бир ишга буюрса, унга етишиш учун воситаларни ҳам жорий қилади. Сабрли бўлишга хизмат қиладиган омиллардан бири бу илмдир. Жумладан, сабрли бўлиш учун сабр фазилатини тўлиқ англаб етиб, сабрлиларга Аллоҳ тарафидан бериладиган мукофот ва даражаларни, сабрсизлик оқибатида келиб чиқадиган ёмон оқибатларни, гуноҳ-маъсият, афсус-надомат ва қабиҳликларни хаёлга келтириш керак. Агар банда шу ишни қилса, унинг қалбида сабрга нисбатан хоҳиш, ирода, қатъият ва асл инсонийлик руҳи пайдо бўлади. Шунда унинг машаққатлари роҳатга, ҳаётнинг аччиқ синовлари лаззатга айланади.
Бошга тушган мусибат ва қўлдан кетган нарсаларга сабр қила олиш учун дунё ҳаёти ўткинчи, Аллоҳ даргоҳида унинг бирон қадри йўқ эканини эслаш кифоя.
Ибодатларга сабр қилиш учун ўша ибодат фазилати, уни тарк қилиш оқибатларини яхши билиб олиш керак бўлади.
Сабр инсоннинг фитрий фазилати бўлиб, бу унга болаликдан хос бўлади. Ҳаётда кўриб турганимиздек, баъзилар сабрли, яна баъзилар бесабр бўладилар. Лекин шу билан бирга сабрни ўзига одат қилиш, уни нафсга сингдириб бориш мумкин. Акс ҳолда шариатда сабрга тарғиб қилинмаган бўларди.
Киши бесабр бўлса, у ўзини секин-аста сабрга ўргатиб борса бўлади. Бунда банданинг хоҳиш ва ҳаракати муҳим саналади. Сабр фазилатини эгаллаш мумкин экани набавий ҳадисда баён қилинган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким сабрли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни сабрли қилиб қўяди”, деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, банда нафсини сабрга ўргатиши мумкин. Зеро ким бирон нарсани кўп такрорласа ва унга одатланса, ўша иш бора-бора банда учун қийин бўлмай қолади. Сабр ҳам худди шундай. Киши ибодат, мусибат ва ҳаром ишларга сабрли бўлишга ҳаракат қилган сари унинг учун сабр одатий ҳолга айланиб қолади. Кейинчалик у ибодатларни қийналмай хушуъ билан бажариши, мусибатларга сабр қила олиши, ҳаром ишлардан тийилиши мумкин.
Одилхон қори Юнусхон ўғлининг
“Жаннат калити” китобидан олинди
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби