Бухоро вилоятида қатор масжидлар мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топшириляпти. Жумладан, бугун Ғиждувон туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжиди очилганидан кўплаб мўмин-мусулмонлар беҳад шод.
Сўнгги йилларда масжидда ҳам намозхонлар сони ошиб, эски услубда қурилган масжид торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис мазкур масжидни ҳомий ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида қайта қурилди. Бу жоме кўп йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Масжид очилишида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Э.Мажидов, Ғиждувон туман бош имом-хатиби Ориф домла Амонов, Мир Араб олий мадрасаси ректори устоз Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев ва масжид имом-хатиби О.Рузиев қатнашди.
Маълумот учун, масжиднинг эски биноси 150 кишига мўлжалланган эди. Ёмғирли, қорли-қировли кунларга тўғри келадиган жума ва икки ҳайит байрамида намозхонлар ибодат қилиш учун қийналиб қолишаётган эди. Янги жоме ўз бағрига 1 000 кишидан зиёд намозхонни сиғдиради.
Жоме масжиднинг янги биносига иссиқ пол ётқизилди. Эндиликда совуқ кунларда намозхонлар эмин-эркин, хотиржам ибодатларни адо этади.
Аллоҳ таоло бу масжидни доимо обод байтлардан қилсин. Унинг қурилишига ҳисса қўшган барчага улуғ ажрлар ато этсин, бундай хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлсин.














Анвар Нуруллаев,
УМИ Бухоро вилояти вакиллиги мутахассиси.
Шу йилнинг 27 январь куни Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Ал-Азҳар” мажмуаси қошидаги Имом Ашъарий маркази томонидан биринчи халқаро илмий форум ташкил этилди.
Анжуман “Имом Ашъарийнинг исломий фирқаларга оид фикрий ёндашувлари: ақидавий ихтилофдан мулоқот ва мўътадиллик сари” мавзусига бағишланиб, унда ислом оламининг етук уламолари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Форумда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти вакиллари, жумладан, институт ректори Уйғун домла Ғафуров ва “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманасиров фаол қатнашди.
Тадбир очилиш маросимида Ал-Азҳар ва Имом Ашъарий маркази раҳбарлари, Миср муфтийси ҳамда халқаро илмий муассасалар вакиллари сўзга чиқди.
Мазкур форум ислом оламида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маърифат орқали мўътадилликни тарғиб этиш ва соф ислом ақидасини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати