Азиз ва табаррук уламои киром-устозлар –
қадрли ва қадрдон имом-хатиблар, мунис отинойилар!
Бугунги юртимизни тинчлигида сизларнинг ҳам хизматларингиз беқиёс катта!
Муборак динимиз камолоти, масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун қилаётган тинимсиз меҳнатларингизни, самарали саъй-ҳаракатларингизни ва беминнат хизматларингизни юксак қадрлаб, катта ташаккурлар билдирамиз!!! Сизларнинг машаққатли ва сермаҳсул фаолиятларингиз ҳар қандай таҳсинларга лойиқ ва муносиб!!!
Дину халқимиз учун эртаю-кеч хизмат қилаётган муҳтарам Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши маърифат” олтиндан қиммат ғояларини барпо этиш мақсадида ҳар бир хонадонни ҳидоятга чорлашда, ҳар бир оилани ислом нури билан мунаввар қилишда, ҳар бир мўъмин ва мўъминаларга маърифат улашишда сизларнинг ҳиссаларингиз ҳаммадан ҳам кўп ва сарбаланд бўлишида ҳеч қандай шубҳамиз йўқ.
Қанча кўп оилага “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари кириб борса, шунча кўп одам Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳ масалаларидан баҳраманд бўлишлари ва ботил иддаоларга берилмасдан муқаддас динимиз кўрсатган йўллардан юришлари – хар биримизнинг улкан ютуғимиздир!
"Жаҳолатга қарши маърифат" бебаҳо ғояни "Ҳидоят" журнали, "Ислом нури" газетаси ва "Мўминалар" журналлари обунаси орқали ҳам анча таъсирли ва унумли амалга оширишимиз мумкинлиги ҳаммамизга аён. Бунинг учун ЎМИ тизимидаги барча ходимлар нафақат ўзимиз обуна бўлишимиз, балки бошқаларни ҳам обунага тарғиб этишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиз, ҳам ишимиз бўлиши даркор!
Илоҳо юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз ободлиги учун олиб бораётган машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб фаолиятларингизда Худоим таоло доимо омадларингизни бериб, икки дунёда ҳам ишларингизни ўнгидан қилсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.