Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Март, 2026   |   5 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:19
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:44
Хуфтон
19:57
Bismillah
25 Март, 2026, 5 Шаввол, 1447

Ҳақиқий олимни қандай таниймиз?

24.09.2021   1729   4 min.
Ҳақиқий олимни қандай таниймиз?

 

Дин илмларини ўрганмоқчи бўлган одам олимларни танлашда экстремизм ёки бошқа оқимлар тўрига тушиб қолмаслиги учун жиддий ёндашиши керак. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин” (Имом Ҳоким ва Ибн Адий ривояти).

Хўш, ҳақиқий олимни қандай таниб оламиз?

Белгилари

Ҳақиқий олим ҳар доим маънавий қадриятларни моддий нарсалардан, абадий ҳаётни эса оддий нарсалардан афзал кўради. У динни ўзига мослаб олмайди ва ўзининг манфаати йўлида фойдаланмайди.

Нафақат олимнинг илмига, балки унинг одоб-ахлоқига ҳам эътибор қаратиш лозим. Яъни, унинг амали, хулқ-атвори шариатга мос бўлиши керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз Китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят).

Ҳақиқий олим – амали сўзларига мос келадиган, бошқаларга қандай ҳукм, фатво чиқарса, ўзига ҳам худди шундай адолатли ҳукмни раво кўра олиши керак.

Каъб ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Эҳтиёткорлик

Ҳақиқий олим еб-ичиш ва кийинишда камтар бўлади. Ҳатто рухсат берилган нарсаларда ҳам эҳтиёткордир. Унинг учун дунё неъматлари шунчаки восита, холос, мазмун эмас.

Амал ва обрўга интилмайди

Олим инсон бой ва нуфузли одамлар билан яқин муносабатда бўлишга интилмайди. Моддий фойда олиш учун бой ва обрўли одамларга яқинлашиш орқали уларнинг салбий ҳаракат ва хатоларини оқлаб берадиган ҳукмларни чиқариш эҳтимоли бор.

Бу дегани олимлар амалдорларни ёмон кўриши ёки улардан узоқ бўлиши керак, дегани эмас. Лекин ҳақиқий олим ўзини амал ва шуҳрат васвасасидан ҳимоялашга ҳаракат қилган одамдир.

Эътибор беринг, олимлар фатво беришда шошма-шошар қарор қабул қилмайди ва даъвогарларнинг гапларига эҳтиёткорлик билан ёндашади. Чунки улар одамлар сўраган масалани тўла билиш имконияти чеклангани сабабли адолатсизлик қилишдан қўрқишади.

Абу Ҳафс Нишопурий айтган: “Ҳақиқий олим – диний масалаларда ҳукм чиқариб, қиёмат куни ўз фатволари учун жавоб беришдан қўрққан ва хавотир олган киши”.

Нафсини тергаб туради

Ҳақиқий олим юқоридаги гаплар билан чекланиб қолмайди, ҳар доим ўзини ўнглаш, нафсини тергаш билан банд бўлади. У ўзини нурли қилмаса, бошқаларга ёруғлик бера олмайди. Ушбу жиҳат билан бошқалардан ажралиб туради:

 – таваккул, яъни Аллоҳга таваккул;

– ризо, ўз тақдири ва Аллоҳ берган барча ишларга;

– таслим, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш.

Камтарлик

Агар одамнинг билими ғазаб, такаббурлик, баландпарвозлик ва беҳудалик билан қоришган бўлса, демак, илм Аллоҳнинг розилигига эмас, балки дунё манфаатларига эришишга қаратилган бўлади. Аллоҳнинг динига хизмат қилган ва Унинг розилигига эришиш учун илм олган киши хотиржамлик, камтарлик ва дўстлик сифатлари билан ажралиб туради.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар” (Имом Табароний ривояти).

Ишончли илм

Ҳақиқий олим ўз динини чуқур тушунади, илмнинг турли соҳаларини қамраб олишга интилади ва фақат ишончли манбаларга асосланади, суянади. Агар олим фақат диний билимлар билан чегараланиб қолмаса, янада яхши. Чунки баъзи масалалар бўйича фатво, қарор қабул қилишда нафақат диний билим, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидан ҳам хабардор бўлиши зарур.

 

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шаввол ойи рўзаси учун қандай ният қилинади?

02.04.2025   14561   2 min.
Шаввол ойи рўзаси учун қандай ният қилинади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси учун саҳарликда қуйидагича ният қилинади:

“Навайту ан асума совма шаҳри Шаввол минал фажри илал мағриб холисан лиллаҳи таъала”.

Таржимаси: “Аллоҳ розилиги учун шаввол ойининг рўзасини тонг саҳардан то қуёш ботгунча ихлос билан тутишга ният қилдим”.

 

Шаввол ифторлигида ҳам худди Рамазондагидек дуо ўқиб оғиз очилади:

Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфир ли, йаа Ғаффару, ма қоддамту ва ма аххорту”.

Таржимаси: “Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим ва Сенинг ризқинг билан ифтор қилдим. Эй мағфират қилувчи Зот, олдинги ва кейинги гуноҳларимни мағфират эт”.


Саҳарликда таомланишдан олдин қуйидаги дуони ўқиш тавсия этилади:

“Аллоҳумма, барик лана фийҳи ва атъимна хойран минҳу”.

Таржимаси: “Аллоҳим, буни баракали қил ва бизни бундан ҳам яхшироғи билан таомлантир”.

Рамазон ойининг қазо рўзаси учун саҳарликда қуйидагича ният қилинади: “Навайту ан асума совма қазо шаҳри Рамазон минал фажри илал мағриб холисан лиллаҳи таъала”.

Таржимаси: “Рамазон ойи қазо рўзасини тонгдан то қуёш ботгунга қадар Аллоҳ учун ихлос билан тутишга ният қилдим”.

 

Зафар қори МАҲМУДОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари”
кафедраси ўқитувчиси.

 

Мақолалар