Дин илмларини ўрганмоқчи бўлган одам олимларни танлашда экстремизм ёки бошқа оқимлар тўрига тушиб қолмаслиги учун жиддий ёндашиши керак. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин” (Имом Ҳоким ва Ибн Адий ривояти).
Хўш, ҳақиқий олимни қандай таниб оламиз?
Белгилари
Ҳақиқий олим ҳар доим маънавий қадриятларни моддий нарсалардан, абадий ҳаётни эса оддий нарсалардан афзал кўради. У динни ўзига мослаб олмайди ва ўзининг манфаати йўлида фойдаланмайди.
Нафақат олимнинг илмига, балки унинг одоб-ахлоқига ҳам эътибор қаратиш лозим. Яъни, унинг амали, хулқ-атвори шариатга мос бўлиши керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз Китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят).
Ҳақиқий олим – амали сўзларига мос келадиган, бошқаларга қандай ҳукм, фатво чиқарса, ўзига ҳам худди шундай адолатли ҳукмни раво кўра олиши керак.
Каъб ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Эҳтиёткорлик
Ҳақиқий олим еб-ичиш ва кийинишда камтар бўлади. Ҳатто рухсат берилган нарсаларда ҳам эҳтиёткордир. Унинг учун дунё неъматлари шунчаки восита, холос, мазмун эмас.
Амал ва обрўга интилмайди
Олим инсон бой ва нуфузли одамлар билан яқин муносабатда бўлишга интилмайди. Моддий фойда олиш учун бой ва обрўли одамларга яқинлашиш орқали уларнинг салбий ҳаракат ва хатоларини оқлаб берадиган ҳукмларни чиқариш эҳтимоли бор.
Бу дегани олимлар амалдорларни ёмон кўриши ёки улардан узоқ бўлиши керак, дегани эмас. Лекин ҳақиқий олим ўзини амал ва шуҳрат васвасасидан ҳимоялашга ҳаракат қилган одамдир.
Эътибор беринг, олимлар фатво беришда шошма-шошар қарор қабул қилмайди ва даъвогарларнинг гапларига эҳтиёткорлик билан ёндашади. Чунки улар одамлар сўраган масалани тўла билиш имконияти чеклангани сабабли адолатсизлик қилишдан қўрқишади.
Абу Ҳафс Нишопурий айтган: “Ҳақиқий олим – диний масалаларда ҳукм чиқариб, қиёмат куни ўз фатволари учун жавоб беришдан қўрққан ва хавотир олган киши”.
Нафсини тергаб туради
Ҳақиқий олим юқоридаги гаплар билан чекланиб қолмайди, ҳар доим ўзини ўнглаш, нафсини тергаш билан банд бўлади. У ўзини нурли қилмаса, бошқаларга ёруғлик бера олмайди. Ушбу жиҳат билан бошқалардан ажралиб туради:
– таваккул, яъни Аллоҳга таваккул;
– ризо, ўз тақдири ва Аллоҳ берган барча ишларга;
– таслим, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш.
Камтарлик
Агар одамнинг билими ғазаб, такаббурлик, баландпарвозлик ва беҳудалик билан қоришган бўлса, демак, илм Аллоҳнинг розилигига эмас, балки дунё манфаатларига эришишга қаратилган бўлади. Аллоҳнинг динига хизмат қилган ва Унинг розилигига эришиш учун илм олган киши хотиржамлик, камтарлик ва дўстлик сифатлари билан ажралиб туради.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар” (Имом Табароний ривояти).
Ишончли илм
Ҳақиқий олим ўз динини чуқур тушунади, илмнинг турли соҳаларини қамраб олишга интилади ва фақат ишончли манбаларга асосланади, суянади. Агар олим фақат диний билимлар билан чегараланиб қолмаса, янада яхши. Чунки баъзи масалалар бўйича фатво, қарор қабул қилишда нафақат диний билим, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидан ҳам хабардор бўлиши зарур.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати