Икки нарса инсоннинг фикрини барбод қилади: бири мол-дунё бўлса, иккинчиси, жамолдир.
1. Мол шундай нарсаки, у инсоннинг наздида қанча кўп бўлса, уни сарфлаб, тезда тугатиши мумкин. Шунинг учун у кўпинча ўзининг асл ҳожатларини кўрмайди, балки орзу-истакларини кўради.
Маълумки, асл ҳожатлар миқдорининг чегараси бордир. Лекин орзу-истакларнинг чек-чегараси йўқ. Масалан:
– пиёда киши велосипедда юришни;
– велосипеддагги киши мотоциклда;
– мотоциклдаги киши машинада;
– машинадаги киши эса ҳар йили янги машина харид қилишни хоҳлайди.
Велосипед ёки мотоцикл ҳожатимизни қондириши ёки оддийроқ машина ҳам бизни қаноатлантириши мумкин. Лекин биз асло бундай фикрламаймиз. Аллоҳ таоло нимани берган бўлса, унга қаноат қилиш ўрнига биз доим бир қадам олдинда юришни истаймиз. Ҳар доим “Менда бундай машина бор, фалон кишида пистон машина бор”, деган хаёлда юрамиз.
Инсон зарурий ҳожатларини қондирадиган маблағни эмас, балки унинг барча хоҳиш-истакларини қондира оладиган даражада пули бўлишини хоҳлайди. “Пул барча муаммоларини ҳал қила олади”, деб ўйлаш катта хатодир. Чунки қачон мол-дунё ўзи билан бирга ғам-ташвишларни ҳам олиб келади.
Шунда ушбу муаммолар юзага келиши мумкин:
– Аллоҳ таоло мол-дунё беради, аммо фарзандлар ноқобил бўлиши мумкин;
– Мол-дунё келса, хотин бузуқ, ёмон йўлга юрувчи бўлиши мумкин;
– Мол-дунё бўлса, ҳасадчилар пайдо бўлиши мумкин.
– Мол-дунё бўлса, душманлар кўпайиши мумкин.
– Мол-дунё топилганда касалликлар пайдо бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатларда мол-дунё эгаси нима қила олади? Мол-давлати қандай ёрдам беради? Ҳаловатсиз ҳаётда мол-дунёнинг нима қизиғи бор?” Аксинча, биз Аллоҳ таолодан тақдиримизда нима ризқ ёзган бўлса, дуо қилиб у зотдан уни баракотли ва офиятли қилишини сўрайлик. Агар ризқ баракотли ва офиятли бўлса, унда ҳаловат бўлади.
"Шарм ва ҳаё” китобидан
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати