Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2026   |   16 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:19
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
26 Ноябр, 2026, 16 Жумадул сони, 1448

Қурбонлик қутиси

29.11.2023   6163   1 min.
Қурбонлик қутиси

Отам уйга пул йиғадиган қути қўйиб уни “Қурбонлик қутиси” деб номладилар. Кейин ҳар биримизни бу қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшишга тарғиб қилдилар. Биз ҳам оиладаги ва шахсий ҳаражатларимиздан орттириб ҳар ойлик олганимизда қўлимиздан келганича қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшиб турдик.

Қурбонлик куни яқинлашиб қолгач, отам бошчиликларида барча оила аъзоларимиз билан биргаликда қутини очдик. Қарасак, ўзимиз билмаган ҳолда талайгина маблағ тўпланибди. Йиғилган пулга қурбонлик учун қўзи сотиб олдик. Бу қурбонликнинг ўзгача таъми бор эди. Тўғри, қурбонлик қўзимиз шаръий жиҳатдан ҳар биримизнинг номимиздан ўтмаса ҳам, лекин, биз ҳар биримиз Аллоҳ учун қурбонликка ўз молимиздан бир қисмини бағишлашни ўргандик.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё эътирофининг бир намунаси

25.11.2026   11415   2 min.
Дунё эътирофининг бир намунаси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Ўмон шаҳридаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан ҳар йили эълон қилинадиган рейтингда дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони рўйхатига киритилди.

Унда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва минтақавий дипломатияни ривожлантириш, таълим ва маданият соҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бой исломий меросни асраб-авайлаш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилган.

Мазкур эътироф Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар халқаро миқёсда тан олинаётганининг яна бир амалий ифодасидир.

Зеро, бугун мамлакатимизда ҳақиқатдан ҳам диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳа вакилларининг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро ислом академияси, диний таълим муассасалари, илмий мактаб ва марказлар фаолияти тобора кенгайиб бормоқда.

Улуғ алломаларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, тарихий қадамжоларни ободонлаштириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари изчил давом этмоқда. Мамлакатимизда турли диний конфессияларнинг эркин фаолият юритиши таъминланиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида мунтазам мулоқотлар олиб борилмоқда.

Намозларни эмин-эркин адо этиш, ҳайит байрамларини нишонлаш, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш учун яратилган кенг имкониятлар ҳам ушбу ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланган.

Юртбошимизнинг мана шундай эътирофга сазовар бўлишлари яхшилик амалларнинг бу оламда ҳам жавобсиз қолмаслигига бир ишорадир. Зеро Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Роҳман (одамлар қалбида) муҳаббат пайдо қилур” (Марям сураси, 96-оят).

Инсон Аллоҳ розилиги учун хайрли иш қилса, Аллоҳ унинг яхшилигини бандалари қалбига солиб қўяди. Одамлар уни яхши кўриб, эътироф этади.

Мамлакатимиз раҳбарининг нафақат мана шу юрт, халқ, балки бошқа халқлар тинчлиги, фаровонлиги йўлида қилаётган беқиёс хайрли амалларига Аллоҳ таоло улкан ажр-мукофотлар ато этсин!  

 

 Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар