Отам уйга пул йиғадиган қути қўйиб уни “Қурбонлик қутиси” деб номладилар. Кейин ҳар биримизни бу қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшишга тарғиб қилдилар. Биз ҳам оиладаги ва шахсий ҳаражатларимиздан орттириб ҳар ойлик олганимизда қўлимиздан келганича қутига пул йиғишда ўз ҳиссамизни қўшиб турдик.
Қурбонлик куни яқинлашиб қолгач, отам бошчиликларида барча оила аъзоларимиз билан биргаликда қутини очдик. Қарасак, ўзимиз билмаган ҳолда талайгина маблағ тўпланибди. Йиғилган пулга қурбонлик учун қўзи сотиб олдик. Бу қурбонликнинг ўзгача таъми бор эди. Тўғри, қурбонлик қўзимиз шаръий жиҳатдан ҳар биримизнинг номимиздан ўтмаса ҳам, лекин, биз ҳар биримиз Аллоҳ учун қурбонликка ўз молимиздан бир қисмини бағишлашни ўргандик.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати