Уламоларимизнинг Навоий вилоятига ташрифлари бошланди. Ушбу учрашувлар намозхонларнинг маърифатини, маънавиятини янада юксалтириб, уларга кўтаринки руҳ бағишламоқда.
Хусусан, бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари устоз Абдуқаҳҳор домла Юнусов Навбаҳор тумани “Шайх Абул Ҳасан Харақоний” масжиди намозхонлари билан учрашдилар. Пешин намози адо этилгач, мўмин-мусулмонларга "Халққа хизмат олий фазилат" мавзусида амри-маъруф қилдилар.
Дарҳақиқат, мўмин банда доим халқ хизматида бўлишга ва уларга манфаат етказиш ҳаракатида бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривояти қилинади. Набий салаллоҳу алайҳи васаллам: "Дарахтлар орасида бир дарахт бор, баргини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди, айтинглар-чи, бу қайси дарахт?" дедилар. Одамлар бундоқ дарахт, ундоқ дарахт деб айтдилар. Мен: «хурмо дарахти» демоқчи бўлдим, лекин ёш йигит бўлганим учун айтишга уялдим. Расуллох салаллоҳу алайҳи васаллам: "У хурмо дарахти" дедилар.
Демак Набий солаллоҳу алайҳи васаллам халққа фойдаси кўп тегадиган ва яхшилиги бардавомли мўминни хурмо дарахтига ўхшатдилар.
Шундан сўнг, устоз Абдуқаҳҳор домла Юнусов азиз намозхонларнинг қизиртирган саволларига батафсил жавоблар бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати