Яманда Абраҳа бин ас-Собаҳ исмли ҳабашистон подшоси бўлиб, у Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам давридаги ҳабашистон подшоси Асҳама ан-Нажжошийнинг бобоси бўлган. Абраҳа “Қуллайс” номли каниса қурдирган эди. Мақсади араб ҳожиларини йўлини унга буриш бўлган. Кунларнинг бирида Киноналик бир киши кечаси канисага кириб ҳожат қилади. Бу ҳолат подшони қаттиқ ғазабини келтиради ва шу сабабли Каъбани бузишга қасам ичади. Бу билан Маккани фатҳ қилиб, Яманни Шом билан боғлаш ва насронийларнинг шаҳрини кенгайтиришга эришмоқчи бўлади.
Подшо бу мақсадини амалга ошириш учун катта қўшинни қуроллантиради ва арабларни қўрқитиш мақсадида уларга баҳайбат филлардан ўн иккитасини (бир ривоятда 1000 та) қўшиб олади. Маккага яқин бўлган “Мағоммас” деган жойга етиб келгач, Макка аҳлига чопор юбориб, уларга улар билан жанг қилгани эмас балки Каъбани бузишга келганини хабарини бердиради. Араблар Абраҳа ва унинг қўшини билан жанг қилишга кучлари етмаслигини билиб, тоғларга бекинишади. Араблар Каъбани ҳимоя қилувчи Роббиси борлигига ишониб, Абраҳа ва унинг қўшинига нима бўлишини кузатиш учун тоғдан назар ташлай бошладилар.
Қўшин Маккага яқинлашгач, Абраҳа арабларнинг мол-мулкларини талон-тарож қилишга буюрди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталиб бин Ҳошимнинг икки юзта туяси бор эди. Абраҳанинг аскарлари у туяларни ўзлари билан олиб кетдилар. Подшо Ҳанната ал-Ҳумайри деган кишини Маккага юборди. Унга ўзини жанг қилиш учун эмас балки уларни Байтуллоҳдан тўсқинлик қилиш учун келганини ва қурайшликларнинг энг ҳурматли кишисини олиб келишни буюрди. Араблар Ҳаннатага Абдулмутталибни кўрсатишди. Абдулмутталиб унга жанг қилишни истамасликларини, ҳатто бу ишга уларда куч йўқлигини, Каъба Аллоҳнинг байти эканлигини, уни Байтнинг эгаси ҳимоя қилишини айтди. Ҳанната уни ўзи билан подшонинг олдига олиб кетди. Абраҳа Абдулмутталибни кўргач ҳурмат кўрсатди. Абдулмутталиб келишган ва хушбичим киши эди. Абраҳа таҳтидан тушиб, гиламда бирга ўтирди. Абраҳа Абдулмутталибдан ҳожати ҳақида сўраган эди, унга икки юзта туясини қайтариб беришлигини айтди.
Абраҳа бу ҳолатдан таъажжубланиб: дининг ва ота-боболаринг дини бўлган Каъбани бузишга келган бўлсаму сен, мен сендан олиб қўйган туялар ҳақида гапираяпсанми? деди.
Абдулмутталиб: мен туяларнинг эгасиман, Каъбанинг эгаси бор, у Уни сендан ўзи ҳимоя қилади деди. Абраҳа унинг Роббиси мени ҳимоя қилаолмайди деди. Абдулмутталиб кўрамиз деди. Абдулмутталиб ва у билан келган кишилар Абраҳага Тиҳоманинг мол-мулкларидан учдан бир қисмини олиш эвазига ортга қайтишларини айтдилар. Абраҳа бу талабдан бош тортдида, Абдулмутталибнинг туяларини эса қайтиб берди. Абдулмутталиб ва у билан келганлар ортга қайтдилар, ўзлари ва бир қанча қурайшликлар Каъбанинг эшиги олдига келиб, унин халқасидан ушлаб, Абраҳа ва унинг қўшини устидан ғолиб бўлишларини сўраб дуо қилдилар.
Қўшин Байт томон юра бошлади ва Маккага кирдилар. Уларда “Маҳмуд” исимли баҳайбат фил бор эди. Улар филни Ҳарам тарафга қараб юзлантирсалар ерга чўккалаб олар, Яманга юзлантирса, югиргилаб кетар эди.
Абдулмутталиб дуо қилиб турар экан Яман тарафдан қушларга кўзи тушди. Аллоҳга қасамки, у қушлар ажойиб, улар на Наждлик ва на Тиҳомалик қушлар эди. Ҳар бир қушнинг тумшуғи ва оёқларида тош бор, уларнинг устидан ташлаганларида, уларни ҳалок қилар эди. Қўшин Яман тарафга қоча бошлар экан, йўл йўлакай бўлакларга бўлиниб кетишди. У тошлардан бири Абраҳага тегди ва бармоқлари бирин кетин узилиб туша бошлади. Танасидаги гўши эса бурда-бурда бўлиб узулиб тушур экан, уни Санъога олиб келганларида ёмон ва шармандалик ўлим топди.
Аллоҳ таоло бу ҳодиса ила байтини мақоми ва шаънини олий қилди ҳамда арабларни бутун дунёга Ислом рисоласини тарқатишлари учун тайёрлади.
Таржимон: Яҳё Убайдуллоҳ ўғли
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати