Шу кунларда баъзи интернет тармоғида “Ўттиз минг ўзбекча-туркча Қуръони карим таржима китоби Ўзбекистонда тарқатилди” деган мазмундаги хабарлар кенг тарқатилмоқда. Айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари хайрия тариқасида улашилаётган мазкур китоблар дўконларда сотувга чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги асоссиз ахборотларни ҳам ёйишга уринмоқдалар.
Таъкидлаш зарурки, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби муаллифнинг саъйи-харакатлари билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ҳомийлигида чоп этилган эди.
Айни кунларда ушбу Қуръони карим китобининг илк нусхаларини диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари устоз-талабалари ва диний соҳа ходимларига хайрия сифатида улашиш бошланди. Бу тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ижтимоий тармоқларда маълумотлар эълон қилинди https://t.me/muhaddisuz/5315, https://t.me/oliymahad/13779, https://t.me/oliymahad/13795.
Яқин кунларда масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари, отинойилар, шунингдек, Қуръони карим ўқишга иштиёқи бор, лекин имконияти йўқ фуқароларга ҳам ушбу Қуръони карим китобларидан бепул тарқатиш бошланади. Республикадаги барча масжидларда намозхонлар ушбу китобни мутлоаа қилиш имкониятига эга бўладилар.
Қайд этиш лозимки, Қуръони каримнинг ушбу нашри вақф мулки сифатида чоп этилган бўлиб, диний идора уни текинга тарқатиш учун нашр этди. Китобни сотиш мутлақо жоиз эмас. Шу сабабли диний идоранинг талаби билан ушбу китобнинг ички муқоваларида “Қуръон совға қиламан” ва “Сотиш мумкин эмас” деган қайдлар ёзилган.
Шу нуқтаи-назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси келгусида, мазкур “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби кенг тарқатила бошлагандан сўнг ким ушбу нашрни савдода кўрса 71-240-39-33 телефони орқали хабар беришларини ёки ЎМИнинг Интернетдаги “Muslim.uz” сайтидаги электрон манзилига маълумот юборишини илтимос қилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарда яна бир нотўғри ёритилган жиҳат шуки, ушбу Қуръони карим таржимаси фақат ўзбек тилида бўлиб, оятларнинг турк тилидаги таржималари баён этилмаган.
Хўш, шундай экан, мазкур хабарни аниқлаштирмасдан туриб, ижтимоий тармоққа атайин қўйиб юборган кимса ёлғончи, мусулмон биродарига зиён-заҳмат етказган, уни обрўсизлантирган бўлиб қолмайдими?!
Ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, асоссиз гапларга учмаслиги даркор. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: « Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз» (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифларда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”(Имом Муслим ривояти), дейилган.
Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, ҳақиқатдан йироқ гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, тўғри ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун кишисининг шиори бўлиши керак.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсофи тавфиқ берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.
Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.
Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.
Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).
"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!
Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).