Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда янгиланётган Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танловини ўтказади.
Танловнинг ҳудудий босқичида 2021 йилнинг 1 январидан 2021 йилнинг 1 ноябргача газета ва журналларда босилган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўрсатилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материаллар 2021 йилнинг 10 ноябрига қадар қабул қилинади. Ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишади.
Танловнинг ҳудудий босқичи 20 ноябргача ўтказилиши кўзда тутилган.
Республика босқичи ғолиблари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов асосида сараланади. Танлов ғолиблари ОАВда эълон қилинади.
Танловнинг республика босқичида ғолиб деб топилганлар қуйидаги йўналишлар бўйича тақдирланади:
Бош мукофот: «Жаҳолатга қарши – маърифат» мавзусидаги энг яхши ижодий иш.
Fолиб махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Асосий мукофотлар:
энг яхши ижодий иш учун мукофот (телевидение – I, II, III ўринлар);
энг яхши ижодий иш учун мукофот (радио – I, II, III ўринлар);
энг яхши ижодий иш учун мукофот (даврий матбуот – I, II, III ўринлар);
энг яхши ижодий иш учун мукофот (Интернет – I, II, III ўринлар);
энг фаол тарғиботчи (I, II, III ўринлар);
Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интернетда эълон қилинган ишлар тақдим этилади (3 тадан кам бўлмаслиги керак).
Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 5 минутдан 30 минутгача бўлиши керак.
Радиоэшиттиришлар (аудиокассета ёки системали диск) 5 минутдан 30 минутгача бўлиши керак.
Матбуот ва Интернет материаллари даврий нашрнинг асл нусхаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилиши лозим.
Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилинади:
– муаллифнинг исми-шарифи, турар жойи, уй ва иш телефонлари;
– ўз соҳасида олиб бораётган фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;
– паспорт нусхаси.
Танловда иштирок этувчиларнинг материаллари ҳар бир ҳудуд бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликларига топширилади. Мурожаат учун маълумотлар:
Андижон вилояти (74) 228-01-58
Бухоро вилояти (65) 224-40-51
Жиззах вилояти (72) 223-85-30
Навоий вилояти (36) 225-17-47
Наманган вилояти (69) 226-10-01
Самарқанд вилояти (66) 235-34-18
Сирдарё вилояти (67) 227-23-00
Сурхондарё вилояти (76) 225-52-00
Фарғона вилояти (73) 226-72-44
Хоразм вилояти (62) 228-44-38
Тошкент вилояти (95) 142-14-54
Тошкент шаҳри (95) 146-77-00
Қашқадарё вилояти (75) 225-56-32
Қорақалпоғистон Республикаси (61) 229-02-64
«Сарҳисоб» танловида иштирок этинг ва ғолиб бўлинг!
Ташкилий қўмита
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби