frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

ДУО ҚАБУЛ БЎЛАДИГАН ВАҚТ ВА ҲОЛАТЛАР

17.09.2021   7689   3 min.
ДУО ҚАБУЛ БЎЛАДИГАН ВАҚТ ВА ҲОЛАТЛАР

1. Саҳарда дуо қилиш. Аллоҳ таоло: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, деб марҳамат қилган (Зориёт сураси, 18-оят).

Саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди» (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).

 2. Азон ва иқоматдан кейин дуо қилиш. Набий (алайҳиссалом): “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти)

 3. Ифторлик ва саҳарликда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти), деганлар.

 4. Қалблар “эриган” вақтда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалблар юмшаган вақтда дуо қилиб қолинглар, чунки у раҳматдир!” дедилар.

 5. Фақат мусибат етганидагина эмас, балки, тинч-осуда вақтда ҳам дуо қилиш. Агар Банда кенгчилик вақтида Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ уни торчилик вақтида зикр қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни шиддатлар пайтида Аллоҳ уни истижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар.

 6. Саждада дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Банда Роббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Бас, шу вақтда дуони кўпайтиринг” (Имом Муслим ривояти).

 7. Ҳар намоздан сўнг дуо қилиш. Абу Умома розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, қайси дуо эшитилувчироқ (кўпроқ қабул бўлади)?”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечанинг охиридаги ва фарз намозлар ортидаги лаҳзаларда”, дея жавоб бердилар деди (Имом Термизий ривояти).

Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни қўйманг”.

 8. Ёмғир ёққанда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафлар Аллоҳ йўлида жипслашганида, ёмғир ёққанда, фарз намозлари адо этиладиган вақтларда осмон эшиклари очилади. Бу пайтларда дуо қилишни ғанимат билинг”.

 9. Жума туни ва кундузи дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ҳақида бундай дедилар: “Унда бир соат борки, унга тик туриб намоз ўқиётган мусулмон банда Аллоҳдан бирон нарсани тилаб тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга бу тилагини беради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

10. Сафарда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо, шубҳасиз, ижобатдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   9710   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар