Одам анатомиясига оид энг қадимий қўлёзмалардан бири Саудия Арабистони пойтахти Риёздаги Подшоҳ Абдул Азиз халқ кутубхонасига олиб келинди, дея хабар бермоқда Islam.ru.
XIV асрда ёзилган ушбу қўлёзма “Одам танасининг анатомияси” деб аталади, унда одамнинг ички аъзолари ҳақида сўз юритилади ва ушбу аъзоларнинг расмлари ҳам келтирилган. Асар муаллифи – Мансур ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Илёс ал-Кашмирий.
Ушбу китоб мусулмонлар илм-фани тарихидаги энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. У мусулмонларнинг одам анатомияси ҳақида бельгиялик шифокор Андреас Везалий ва италиялик Леонардо да Винчидан олдинроқ маълумотларга эга бўлганини кўрсатади.
Муаллиф китобда суяклар, нервлар, веналар, артериялар, юз, бугун, жигар ва одам танасининг бошқа аъзолари ҳақида сўз юритган, томирларнинг фаолиятини батафсил тасвирлаган.
azon.uz
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.