Муқаддас Ислом динимизда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшаши керак.
Бу борада Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар:
الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالْبُنْيَانِ يَشُدُّ بَعْضُهُ بَعْضًا
رواه الإمام البخاري
яъни: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида ижтимоий химояга мухтож, бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади.
Имкониятимиз бор экан, иложи борича ўзгаларга манфаатимиз тегадиган, ва муҳтожнинг ҳожатини чиқарадиган ишларни қилиб олишимиз керак бўлади.
Кеча 15-сентябр куни Янгийўл туманидаги 10 нафар ижтимоий химояга мухтож ва ногирон болаларни хомийларни жалб қилган холда Тошкент вилоятидаги “Зангиота” зиёратгохига зиёратга хамда “Тashkent City”га сайр қилдирилди. Ушбу зиёратдан ва сайрдан ўксик кўнгиллар хурсанд бўлди.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман Имом Cултон жоме масжиди Имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД