Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “«Ясин» Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги) ва охират куни (нажот топиш)ни истаб тиловат қилса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар” (Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Мазкур ривоятдан, «Ясин» сурасини ихлос билан ўқиган кишининг гуноҳлари кечирилади. Бошқа ривоятда эса, «Ясин» сурасини тунда ўқиш билан банданинг гуноҳлари мағфират қилиниши айтилган.
«Ясин» сурасини ўликларга ўқишни уламолар икки хил изоҳлашган:
Аксарият уламолар биринчи изоҳни маъқуллашган. «Ясин» сурасини ўлим тўшагида ётган кишиларга ўқинглар, деб амр қилинишининг сабабини уламолар қуйидагича тушунтиришган: “Ушбу суранинг фазилатларидан бири шуки, агар у қийин ва оғир дамларда ўқилса, Аллоҳ таоло банданинг аҳволини енгиллаштиради. Хусусан, жон чиқиш пайтда ўқиш раҳмат ва бараканинг тушиши ва жон чиқишининг осон кечишига сабаб бўлади”. «Ясин» сурасида Аллоҳнинг зикри, қайта тирилиш ҳолати, қиёмат, жаннат, шайтон фитнасидан эҳтиёт бўлиб юриш кабилар зикр қилингани учун ўлим тўшагида ётганлар мазкур сура ўқилганда ўзларида енгиллик ҳис қиладилар.
“Муснадул-Фирдавс” китобида: “Агар қайси маййитнинг ҳузурида «Ясин» сураси ўқилса, албатта унга енгиллик берилади”, деб айтилган. Шайх Совийнинг “Тафсир”ида эса: “Қуръонда бир сура борки, у ўша сурани ўқувчиларни шафоат қилади, унга қулоқ тутувчиларнинг ҳаққига истиғфор айтади. У «Ясин» сурасидир. Ушбу сура Тавротда Муъимма (яъни, умумлаштирувчи) деб номланган. Сабаби у соҳибини дунё яхшиликларига ноил қилиб, охират қўрқинчи ва азобидан ҳимоя қилади”, дейилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Ясин» (сураси)дир. Ким уни (ихлос билан) ўқиса, Аллоҳ ўша бандага Қуръонни ўн марта ўқиганлик савобини беради”, деганлар” (Термизий, Доримий, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
«Ясин» сурасининг “Қуръон қалби” дейилишига сабаб – бу сурада қалб билан боғлиқ масалалар, жумладан, Аллоҳнинг ваҳдонияти, рисолат, қайта тирилиш ва шу кабилар баён қилинган. Бу ривоятга кўра, банда «Ясин» сурасини ихлос билан бир марта ўқиш орқали кичик гуноҳлардан фориғ бўлади ва Қуръони каримни ўн марта ўқиганлик савобига эришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таборака ва таоло осмонлар ва Ерни яратишидан минг йил аввал «Тоҳа» ва «Ясин» сураларини ўқиди. Фаришталар Қуръонни эшитиб, “бу нарса тушган умматга Тубо бўлсин! Буни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Буни гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!” дедилар” (Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти). “Тубо” сўзи “жаннат”, “жаннатдаги дарахт”, “бахт-саодат” каби маъноларни англатади. Ушбу ривоятда Қуръони карим, хусусан Тоҳа ва «Ясин» суралари қанчалик фазилатли экани, уларни ўқиш, ёд олиш билан банда бахт-саодатга эришиши айтилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким «Ясин» сурасини кечаси ўқиса, унинг гуноҳлари ўша кечада мағфират қилинади” (Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти). Бундан келиб чиқадики, кечаси уйқудан аввал «Ясин» сурасини ўқиш кишининг кичик гуноҳларига каффорат бўлади.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кечаси Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун «Ясин» сурасини ўқиса, (Аллоҳ) у бандани мағфират қилади”, деганлар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким «Ясин»ни куннинг аввалида ўқиса, ҳожатлари раво қилинади”, деб айтганлари хабар қилинган” (Доримий ривояти). Ким бомдод намозидан кейин «Ясин» сурасини ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади, бундай банда Қуръонни ўн ёки ўн икки марта хатм қилганлик савобига эришади ва ҳожатлари раво қилинади. Шундай экан, бошига бирон кулфат тушганлар, мушкул аҳволда қолганлар «Ясин» сурасини ихлос билан ўқисалар, муродларига етадилар.
Шаҳр ибн Ҳавшаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ким «Ясин»ни тонг отганда ўқиса, кечгача куни енгил ўтади. Ким уни туннинг аввалида ўқиса, тонггача туни енгил ўтади” (Доримий ривояти). Бу ривоятда юқоридаги ҳадис изоҳланмоқда. Демак, ишим енгил бўлсин, деганлар, нажот ва муваффаққиятга эришмоқчи бўлганлар бу тавсияга амал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Динимиз Исломда бандаларга фақат охират саодати йўллари эмас, балки дунёда ҳам ютуқларга эришиш усуллари ўргатилган, банда икки дунё саодатига эришишга тарғиб қилинган.
Ҳасандан ривоят қилинади: “Ким кечаси Аллоҳ розилиги учун «Ясин»ни ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Менга хабар қилинишича, у (сура) тўлиқ Қуръонга тенгдир” (Доримий ривояти).
Юқоридаги ривоятлардан «Ясин» сурасининг қуйидаги фазилатлари маълум бўлади:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар”.
Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил аъзийм”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи аъдада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД