Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат муфтийси Замир Ракиев билан учрашув ўтказди, унда мафкуравий хавфсизлик, динлараро бағрикенглик ва диний таълим масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таянган ҳолда Regnum АА хабар бермоқда.
Президент экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диний таълим ва тарбия сифатини академик даражада ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
"Бу йўналишда мусулмонлар диний идорасининг ўрни жуда муҳим. Мамлакат халқи маданиятларининг бирлиги ва хилма-хиллигини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятни бирлаштириш борасидаги ишларни мустаҳкамлаш зарур", - деб таъкидлади Президент.
Шунингдек, Жапаров Чуй вилоятидаги Тўқмоқ шаҳрида Ислом Академияси қурилиши Бирлашган Араб Амирликларининг шайх Зайд бин Султон Ал-Наҳайён хайрия ва гуманитар жамғармаси кўмагида амалга оширилаётганини ҳам таъкидлади.
Академия қурилиши учун икки гектар ер ажратилди. Таълим муассасасига 200 га яқин ўқувчи қатнаши тахмин қилинмоқда. Университет талабаларни аралаш магистратура ва докторантура дастурига тайёрлайди. Академия талабалари нафақат диний, балки дунёвий таълим олиш имкониятига эга бўлади, бу эса диний фанларни чуқур ўрганишни ўз ичига олади.
Ислом Академияси қурилишида ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2019 йилда БААда имзоланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.